Иқтисодиёт | 14:33 / 22.04.2022
33422
2 дақиқада ўқилади

Эски намунадаги банкнотлар қачон муомаладан чиқарилади? – Марказий банк изоҳи

2021 йилда янги намунадаги 5,10,50 ва 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилди. Марказий банк эски намунадаги пуллар қачон муомаладан чиқарилишига изоҳ берди.

Фото: Kun.uz

21 апрел куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилгач, регулятор анъанавий матбуот анжумани ўрнига журналист ва блогерлардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Марказий банк ўтган йили муомалага чиқарилган янги банкнотлардан қачон тўлиқ фойдаланиш бошланиши ва эски пуллар муомаладан чиқарилишига оид саволга жавоб берди.

Регулятор аввал ҳам таъкидланганидек, эски намунадаги банкнотлар тўлов қобилиятини йўқотмаслигини маълум қилган.

“2021 йилда дастлаб янги номиналдаги, яъни 2 000 сўмлик ва 20 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг август ва декабрь ойларидан босқичма-босқич янги кўринишдаги 5 000, 10 000, 50 000, 100 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди ҳамда ушбу банкнотлар шу номиналдаги эски намунадаги банкнотлар билан параллел равишда муомалада бўлиши, яъни эски намунадаги 5 000, 10 000, 50 000, 100 000 сўмлик банкнотлар тўлов қобилиятини йўқотмаслиги белгиланди.

Шунингдек, муомаладаги эски банкнотлар салмоғи юқорилиги боис, уларнинг муомаладан чиқариш муддатлари чекланмаган.

“Бугунги кунда эски намунадаги банкнотлар табиий йўл билан, яъни муомалада бўлиши жараёнида эскирган ва тўловга яроқсиз ҳолга келганлари муомаладан қайтариб олинмоқда. Муомалада айланаётган банкнотлар сони 2,5 млрд донадан ортиқ бўлса, шундан 201 млн донадан зиёди 2021 йил намунасидаги банкнотлар ҳисобланади”, – дейилади МБ изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда муомаладаги нақд пул улуши 3 фоизга камайгани маълум қилинганди.

Шу билан бирга, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида 100 000 сўмлик банкнотларнинг улуши 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 минг сўмлик банкнотларнинг улуши 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўм – 15,7 фоиздан 14,5 фоизгача, 5 минг сўм – 16,1 фоиздан 12,7 фоизгача, 1000 сўм – 2,1 фоиздан 1,4 фоизгача камайди. 2000 сўм (0,3 фоиз) ва 20 000 сўм (2,1 фоиз) янги турдаги банкнотлар муомалага чиқарилган.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид