Иқтисодиёт | 17:42 / 05.01.2026
6428
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қила бошлади

Нархлар қуйма қадоғининг ҳолатига қараб белгиланади. 5 январ ҳолатига кўра, қадоғи бут ҳолатдаги қуймалар сотиш нархидан 3,9 фоизга, техник талабларга мос келмайдиганлари эса 4,9 фоизга пастроқ сотиб олиняпти.

Марказий банк ўлчовли олтин қуймаларининг кунлик сотув нархлари ҳақидаги маълумотларни янгилаб борарди. Эндиликда қимматбаҳо металлни қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қилиб бориш амалиёти ҳам йўлга қўйилди.

Нархлар қуйма қадоғининг ҳолатига қараб белгиланади. 5 январ ҳолатига кўра, барча оғирликдаги қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш ўртасидаги тафовут қадоғи бутун ҳолатда 3,9 фоиз, қадоғи бузилган ҳолатда эса 4,9 фоиз атрофида шаклланяпти.

Хусусан, 5 граммли олтин қуйманинг сотиш нархи 8 млн 735 минг сўмни, уни қайтариб сотиб олиш нархи қадоғи бут бўлса 8 млн 395 минг сўм, қадоғи бузилган ёки техник талабларга жавоб бермаса 8 млн 311 минг сўмни ташкил этади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид