Иқтисодиёт | 20:45
581
2 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг III чорагида бўш иш ўринлари сони ошди – Марказий банк

Корхоналар кутилмаларида иш ўринларини ошириш билан бирга қисқартиришни билдирганлар улуши кўпайган.

Марказий банк 2025 йил III чораги учун меҳнат бозори шарҳини эълон қилди. Унга кўра, ушбу даврда бўш иш ўринлари таклифи барқарор ўсишда давом этди, шунингдек, номинал ва реал иш ҳақи ҳамда пул ўтказмалари ўсди.

Очиқ манбалар маълумотларига кўра, III чоракда бизнес субъектлари томонидан эълон қилинган иш ўринлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3% га ўсиб, уларнинг салмоқли қисми савдо (17,9%), умумий овқатланиш (17,1%) ва ишлаб чиқариш (17,0%) тармоқлари ҳиссасига тўғри келган.

Корхоналар кутилмаларида иш ўринларини ошириш билан бирга қисқартиришни билдирганлар улуши кўпайди.

Иқтисодий фаоллик бўйича сўровномаларда келгуси 3 ойда иш ўринлари сонини оширишини билдирган тадбиркорлар улуши июль-август ойларида ўртача 33,9%ни ташкил этган, сентябрда эса мавсумий пасайиб 30,8% га тушган.

Шу билан бирга, иш ўринларини қисқартиришни билдирганлар улуши II чоракдаги 8,7% дан 12,7% гача ошган. Бунда асосан қурилиш (16,4%) ва савдо (25,6%) соҳасида фаолият юритувчи респондентлар иш ўринларини қисқартиришни билдирган.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид