Ўзбекистон | 20:19 / 23.12.2020
24135
3 дақиқада ўқилади

Сўз эркинлиги уни ёқтирмайдиганлар учун ҳам керак. Kun.uz'дан навбатдаги мультфильм

Сўз – маълум товушлар ёки белгилар ёрдамида маълумотни атрофга тарқатиш воситаси. Мисол учун, кимдир қийин аҳволда қолганини билдириши учун у ёки бу кўринишдаги сўзлардан фойдаланади. Маълумот бошқаларга етиб боради ва сўз эгаси қийин вазиятдан чиқиб олади. Бироқ, сўз атрофга тарқалмаса, натижа ҳосил бўлмайди.

Муаммолар ҳақида ҳам шуни айтса бўлади. Муаммони кўриб қолган одам у ҳақда атрофга маълумот тарқатиш имкони бўлса, яхши. Ундай бўлмаса... Ундай бўлмаса, эээ... ёмон. Нега дейсизми?

Агарда жамиятда маълумот тарқалиши чекланган бўлса, яъни эркин тарқалмаса, унда муаммолар борган сайин кўпайиб бораверади ва бир кун келиб, ҳаммаёқ муаммодан иборат бўлиб қолади.

Айтганча, ўша, маълумот тарқалишига тўсқинлик қиладиганлар ҳам аслида бундан азият чекишади. Чунки бир кунмас-бир кун муаммолар уларнинг ҳам бошига тушади. Улар буни тушунишлари керак. Ўзлари бўлмаса-да, зурриётлари бундан зарар кўради.

Маълумот тарқалиши эркинлигининг яна бир фойдали жиҳати – халқнинг ичида турли фикр-у ғоялар бўлади. Кишилар ғояларини сўз орқали билдиришлари мумкин, зеро сўз – маълумот тарқатишнинг энг асосий воситаси. Агарда уларнинг ҳам маълумот тарқатиш имконияти чекланган бўлса, ёки маълумотлар ҳавога учиб кетаверса, унда халқнинг ичидан чиқадиган яхши ғоялар халқнинг ичида қолиб кетади ва жамият ривожланмайди.

Ривожланган мамлакатларнинг асосий сирларидан бири ҳам шу – уларда халқнинг ақлий захираси ишга солинади. Ахир, биттадан чиқмаган фикр бошқа бировдан чиқиб қолади-да.

Ривожланган мамлакатларнинг сири – уларда билим эъзозланади. Шунинг учун ҳам ривожланмаган давлатлардан билимдонлар улар томонга оқиб кетаверади, кетаверади, кетаверади. Улар ривожланади, булар эса...

Шунинг учун сўз эркин бўлса, тўсиқларга учрамаса ва эъзозланса, мамлакат ривожланади. Келажак авлод ҳам ўша – келажагида яхши яшайди. Ёки биз ўз болаларимизга душманмизми?

Муҳаммад Шакур тайёрлади.

Мавзуга оид