Жаҳон | 19:00 / 30.09.2025
2353
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Украинага дронлар учун икки миллиард евро ажратади

Киевнинг энг сўнгги ишланмаларидан кейинчалик Европа Иттифоқининг ўзи ҳам фойдаланиши мумкин.

Ximena Borrazás / Getty Images

Европа Иттифоқи Украинага дронлар ишлаб чиқариш учун икки миллиард евро ажратади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

«Агар биз бундан кейин ҳам Украина – бизнинг биринчи мудофаа чизиғимиз деб ҳисоблайдиган бўлсак, биз Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиришимиз керак. Шунинг учун биз ҳозир дронлар учун жами икки миллиард евро сарфланишига келишиб олдик», – деган у.

Фон дер Ляйен изоҳлашича, ажратилган маблағлар Киевга ўз мудофаа қобилиятини яхшилашга, шунингдек, Европа Иттифоқи учун ҳам фойдали бўлган дронлар соҳасидаги энг сўнгги технологияларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Сўнгги ҳафталарда Европа Иттифоқида дронлар ҳужумидан ҳимояни кучайтириш зарурлиги ҳақида фаол мунозаралар бўлиб ўтмоқда. Бу Россиянинг йигирмадан ортиқ учувчисиз учар қурилмалари Полша ҳаво кенглигини бузиб кириши ортидан бошланди. Уларни йўқ қилиш учун қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди – экспертлар дронларни бу йўл билан уриб тушириш жуда қимматга тушишини қайд этишди ва бу келгусида РФ фойдаланиши мумкин бўлган заифликка айланишига эътибор қаратишди.

Бу масалани ҳал этиш учун Еврокомиссия «дронлар девори» лойиҳасини таклиф этди. Унинг доирасида Европа Иттифоқи мамлакатлари дронларга қарши курашиш учун арзон ҳимоя тизимларини мувофиқлаштирилган тарзда харид қилиш кўзда тутилган. Аввалига «дронлар девори» фақат Евроиттифоқнинг шарқий чегаралари бўйлаб жойлаштирилиши тахмин қилинганди, аммо кейинроқ – Данияда номаълум дронлар мунтазам равишда пайдо бўлиши фонида – лойиҳани бутун Евроиттифоқ ҳудуди бўйлаб кенгайтириш таклиф қилинди.

Урсула фон дер Ляйен аввалроқ Европа Иттифоқи Украинанинг кенг кўламли тажрибасини ЕИ эҳтиёжларига мослаштириш учун Украина билан «дронлар иттифоқи» тузиш ниятида эканини айтган эди.

Уруш бошланганидан бери Украинада дронлар ишлаб чиқариш бир неча баробар ошди. 2022 йилда у ерда йилига атиги бир неча мингта учувчисиз учар қурилма ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони, турли ҳисоб-китобларга кўра, ойига бир неча ўн ёки бир неча юз мингга етади.

2024 йилда Украинада ўша пайтда дунёда муқобили бўлмаган махсус қўшин тури – учувчисиз тизимлар кучлари ташкил этилди. 2025 йил сентябр ойи охирида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский қуролли кучларда дронлар билан боғлиқ яна бир қўшин тури – учувчисиз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари пайдо бўлишини айтди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид