16:07 / 17.05.2024
14310

Тошкентдаги меҳмонхонада кечаси баланд овозда мусиқа қўйган хорижлик 15 суткага қамалди

У майда безорилик, маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик каби ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган.

Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада кечаси баланд овозда мусиқа қўйиб, атрофдагиларнинг тинчини бузган чет эл фуқароси маъмурий жазога тортилди.

Kun.uz мухбири танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 16 апрел куни соат 22:30да Malika меҳмонхонаси ходими Ф.Алиев Тошкент шаҳар ИИББ ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, мижоз Александер Хаустав фуқаролар тинчини бузаётганини маълум қилган. У аризасида мижоз кечаси баланд овозда мусиқа қўйгани, шунингдек, маст ҳолатда меҳмонхонага пешоб қилганини билдирган.

Ҳолат юзасидан воқеа жойига ИИО ходимлари етиб келган ҳамда Александер Хауставни ИИБ бўлимига таклиф қилишган. Аммо у ИИБ бўлимига боришдан бош тортиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармаган.

Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар мижоз айбига иқрор бўлган. У ўша куни уйида спиртли ичимлик истеъмол қилгани, Ўзбекистонга пасха байрами муносабати билан ота-онаси қабртошларини янгилаш учун келгани, меҳмонхонага етган зарарларни қоплаб бериши, қилган ишидан пушаймонлигини айтган. Меҳмонхона ходими эса Александер Хаустав мусиқани баланд қўйиб меҳмонлар тинчини бузгани, сигарет чекиб ташлаши натижасида меҳмонхонага зарар етказганини маълум қилиб, унга қонуний чора кўришни сўраган.

Суд қарори билан Александер Хаустав Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 192-моддаси (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) ва 194-моддасининг 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Top