Жаҳон | 20:45 / 26.09.2021
33465
16 дақиқада ўқилади

Темир фрау билан хайрлашув. Ангела Меркель Германия ва Европа учун ким эди?

Ангела Меркель кетмоқда. У 26 сентябрдан кейин ҳам янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар канцлер вазифасини бажаришда давом этади, аммо у кетиши ҳал бўлган. Унинг ўрнини ким эгаллаши ва бу қандай бўлиши ҳали мутлақо мавҳум.

Меркель қарийб 16 йил давомида ўз мамлакати ҳукуматига раҳбарлик қилиб, Германия ва Евроиттифоқни иттифоқ конституцияси қабул қилиниши, Грециядаги инқироз, миграция инқирози, брексит, Трампнинг президентлиги ва ниҳоят пандемиядан олиб ўтди.

У дарҳол кетмайди: янги ҳукумат шакллантирилишига ойлар кетиши мумкин. Аммо анъанага кўра янгиларга мерос бўлиб қолмаслиги учун истеъфога кетадиган кабинет ҳеч қандай стратегик қарор қабул қилмайди.

Дунёдаги етакчи нашрлар Меркелни дунёдаги энг таъсирли аёл деб аташди, АҚШда Дональд Трамп президентлигида эса - у «эркин дунёнинг янги етакчиси» сифатида кўрилди.

Кўзга ташланмаган юлдуз
Меркель - Германияда ҳукумат раҳбари бўлган илк аёл. Канцлерлик лавозимида бўлиш давомийлиги бўйича у аллақачон Конрад Аденауэрни ортда қолдирган ва яна бир неча ой лавозимда қолса, Гельмут Колга етиб олиши мумкин – булар урушдан кейинги ва Меркелгача бўлган даврдаги Германияни ифодаловчи канцлерлардир. Барчадан кўп вақт канцлерлик қилган шахс эса Отто фон Бисмарк бўлганди.

Шу билан биргаликда, Меркель Аденауэр ва Колдан фарқли равишда ўз ихтиёри билан кетмоқда.

Меркель кетиши ҳақида уч йил муқаддам эълон қилганига қарамай, у умуман «чўлоқ ўрдак» (бу атама сайланган лавозимдаги шахснинг вазифасидан кетиши ва ортиқ сайловчилари олдида масъул эмаслигини ифодалайди) бўлгани йўқ. Немис матбуоти томонидан «Мутти» (Она) деб алқанган сиёсатчи мамлакатдаги энг катта таъсирга эга шахс бўлиб қолаверди.

Ёш Ангела Меркелни немис сиёсатидаги зубр бўлмиш, канцлер Гельмут Коль қўллаган. У Ангелани "менинг қизим" деб атаган. 1990 йилда Меркель бирлашган Германия бундестаги депутати бўлади, 1991 йилда эса вазирликка тайинланади.

Кўплаб немислар Меркелсиз Германия қандай бўлишини шунчаки тасаввур қила олишмайди, канцлер лавозимига номзодлар: социал-демократлар етакчиси, вице-канцлер Олаф Шолтз, Меркель партияси – ХДИ етакчиси Армин Лашет ва яшиллар вакили Анналена Бербок - уларнинг барчаси сайловолди кампанияси давомида Меркель олиб борган сиёсатни давом эттирувчи ворис сифатида кўрсатишга уринишди. Сўровларга кўра, ҳозирча Шольц немисларни кўпроқ ишонтира олган.

Меркель ҳеч қачон ватандошларини жозибали шиорлар билан мафтун этишга уринмаган, омма кайфиятини бир лаҳзада кўтаришга ҳаракат қилмаган, радикал ислоҳотларга қўл урмаган. У деярли ҳар доим зерикарли сиёсат олиб борар, муроса йўлларини излар, ишонтирар, босим қилар ва ўрни келганда чекинарди. Бу эса қатъий қадамлар ташлаш тарафдорларини жуда ғазаблантирарди (масалан, мамлакатдаги радикал яшиллар ёки Россиядан хавфсировчи шарқий европаликларни), аммо у ўз услуби билан мамлакатдаги деярли барча етакчи сиёсатчилар ҳамда немис сайловчиларининг аксар қисмини ўз томонига оғдириб олган.

Умуман олганда, Меркель фақат икки марта кўпчиликнинг истагига қарши бориб қарор қабул қилган. Бу Греция иқтисодиёти ҳалокатга учраган ва евроҳудуддаги инқироз вақтида ҳамда миграция инқирози вақтида.

Тарихдаги бу икки инқироздан Меркелнинг икки ибораси қолган.

Wo ein Wille ist, da ist auch ein Weg
«Хоҳиш бўлса, чиқиш йўли топилади». Меркель бу иборани Греция қарзга ботган ва бу бутун евро ҳудудига хавф солган вақтда кўп марта такрорлаганди.

Греклар уларга белгиланган қатъий иқтисодий чоралардан ғазабланишади, 2015 йилда сўлчи бош вазир Алексис Ципрасни сайлашади, кейин референдумда мамлакат иқтисодиётини қутқаришга қарши овоз беришади ва Афина дефолт эълон қилади. Жуда кўплаб немис молиячилари ва тадбиркорлар Грецияни евро ҳудудидан чиқариб юборишни исташади, улар ўн миллиардлаб евроларини сақлаб қолиш мумкинлигини тушунишарди.

Барчасидан муҳими умумевропа валютасини сақлаб қолиш деб ҳисоблаган Меркель уларнинг барчасини бунга кўндиради.

«Агар Берлинда нисбатан кучсизроқ сиёсатчи раҳбар бўлганида, у геосиёсий оқибатларни инкор этган ва талабларга кўниб, Грецияни евроҳудуддан чиқариб юборган бўларди», – дейди Грециядаги «Екатимерини» нашри муҳаррири Алексис Папачелас.

Якун: Греция эндиликда ўзидан йигирма йил кейин Европа Иттифоқига кирган социалистик лагернинг собиқ мамлакатларидан қашшоқроқ бўлиб чиқди, аммо евроҳудуд қутқарилди, Меркелнинг ўша вақтдаги ҳаракатлари эса немисларнинг кўпчилиги томонидан маъқулланади.

Wir schaffen das
«Биз буни қиламиз» ёки «биз қила оламиз». Меркель бу шиорни Барак Обамадан ўзлаштирган, 2015 йилда мамлакат фуқароларини Германия Сурия ва қўшни мамлакатлардан юз минглаб қочқинларни қабул қила олиши ва буни қилиш кераклигига ишонтирган.

Лекин ўшанда фуқароларнинг катта қисми, юмшоқ қилиб айтганда, бу тўғри эканига ишонқирамай қараган. Қочқинлар оқими ксенофоб ҳаракат PEGIDA (от Patriotische Europäer gegen die Islamisierung des Abendlandes, «Ғарб исломлашишига қарши ватанпарвар европаликлар») юзага келади ва бу ҳаракат евроскептикларнинг «Германия учун муқобил» партиясига қўшимча куч бағишлайди.

«Агар биз ҳозир фавқулодда вазиятда меҳрибонлик кўрсатганимиз учун узр сўрашимиз керак бўлса, бу менинг мамлакатим эмас», – дейди Ангела Меркель 2015 йилда ўзининг қарорига билдирилган эътирозларга жавобан.

Ёдда тутиш керакки, ўша вақтда Европа лойиҳасининг бош муҳофизи бўлган Меркель нафақат миллионлаб германияликлар иродасига, балки Европа Иттифоқи қоидаларига ҳам қарши чиққанди, чунки қоидага кўра, қочқинлар ва ноқонуний иммиграция масаласи билан қочқинлар биринчи бўлиб кирган мамлакат шуғулланиши керак эди.

Албатта, ЕИда ноқонуний иммиграция муаммоси ҳал қилинди деб айтиш қийин, аммо энг қийин паллаларда Меркель ва Германия бу муаммони нисбатан муваффақиятли ўтказди. Меркель етакчи сиёсатчиларни ўз қарори тўғрилигига ишонтирди, параллел равишда (Брюссель билан келишган ҳолда) Туркия билан ушбу мамлакат ҳудудидаги қочқинлар лагерларини молиялаштириш бўйича келишди ва ноқонуний қочқинлар оқими тўлқини босилди.

Қочқинлар 2015-2016 йилларда Германия меҳнат бозорини тўлдиришда давом этишди, PEGIDA коронавирус танаффусидан кейин Дрезденда митингларни давом эттирди, лекин энди бундай акциялар тобора камроқ одам йиғмоқда; «Германия учун муқобил» ХДИ электоратининг бир қисмини ўзига оғдирди, бундестагга ва барча ҳудудий парламентларга кирди, аммо аллақачон бу кучлар ўз максимумига эришиб бўлган: уларнинг тарафдорлари бутун Германия бўйича 10-12 фоиз, собиқ ГДРнинг айрим ерларида бу кўрсаткич 25 фоизгача чиқиши мумкин.

Брекситчилар иллюзияси
Айрим британиялик брекситчи сиёсатчилар Британиянинг ЕИдан чиқиши масаласидаги 2016 йилги референдумдан олдин ва кейин оммани Европа иттифоқи ҳеч нарсага қодир эмаслиги ва барча муҳим келишувлар Берлин ва Париж билан алоҳида-алоҳида муҳокама қилиниши кераклигини айтишганди.

Аммо на Меркель, на Франция президентлари Франсуа Олланд ва Эмманюэль Макрон ўз қарашларини ўзгартиришига ёки бошқа сиёсатчиларни кўндиришига зарурат туғилмади. Барча Евроиттифоқ Лондон билан музокараларда ягона куч бўлиши керак деб ҳисоблади – иттифоқ кичик Ирландиянинг манфаатларини ҳам, ЕИнинг барча аъзоларининг умумий манфаатларини ҳам ҳимоя қилиши керак.

Германия бошида Европа ғоясига мойил бўлмаган одам раҳбар бўлганида, у ҳам брекситчилар истагани каби алоҳида музокараларга киришмаган бўларди, аммо ЕИ делегацияси позицияси биринчи навбатда қитъанинг энг йирик иқтисодиёти манфаатларини акс эттиришига интилган бўларди.

Натижа: ЕИ иттифоқни тарк этган Британиядан аввалбошдан истаган барча нарсасини олди. Бунинг учун Меркелдан миннатдор бўлса арзийди.

Меркель Путин билан энг кўп гаплашган ғарблик сиёсатчи

Меркель, Путин ва Россия
Шарқий Европадаги Меркелнинг эҳтиёткорлик (кўплар учун чидаб бўлмас эҳтиёткорлик) билан иш юритиш услуби, биринчи навбатда, унинг Путин Россияси билан муносабатларидан маълум.

2005 йилда, Меркель энди канцлер бўлганида, матбуот унинг Москва билан қандай муносабат ўрнатиши бўйича асосан икки хил прогноз берганди.

Биринчиси: болалиги ва ўсмирлигининг катта қисмини ГДРда ўтказган Ангела социалистик тартибдан нафратланади ва Россияга ишонмайди. Шунинг учун, социалист канцлер, Россияни «тўлақонли демократия» деб атаган, кейин «Газпром»да маош олиб ишлаган Герхард Шрёдер давридаги каби Путин билан дўстлик бўлмайди.

Иккинчиси: Меркель ҳам, Путин ҳам немис ва рус тилларини билишади, шу туфайли улар осон тил топишади.

Икки прогноз ҳам озми, кўпми амалга ошди.

Апокрифлардан бирида айтилишича, 2002 йилда, бундестагда чиқиш қилган Путин совуқ уруш давридан кейинги янги дунё ҳақида сўзлаётганида ўша вақтда мухолифат етакчиси бўлган Ангела Меркель ёнидаги одамга шундай пичирлаган: «Типик КГБчининг одатий нутқи. Бу йигитга ишониш керак эмас».

Яна бир машҳур бўлган ярим афсона лаҳза: 2014 йил бошида, Россия Қримни босиб олганида, Меркель Путин билан гаплашганидан кейин Барак Обама билан телефон мулоқотида гўёки шундай деган: «Жаноб Путин реаллик билан алоқаларни сақлаб қолганига ишончим комил эмас».

Бу ҳақда 2014 йил 2 мартида New York Times нашри Америка президенти маъмуриятидаги ўз манбасига асосланиб ҳикоя қилган, бу янгилик тезда бутун дунёга тарқалган ва шу вақтга қадар кўпчилик буни факт сифатида қабул қилади, аммо немис сиёсатчилари Меркель ўшанда бундай сўзларни айтмаганига ишонтиришган.

Нима бўлмасин, қандай гаплар тарқалганидан қатъи назар, Меркель Путин билан гаплашишда давом этди ва 2021 йил августида сўнгги хорижий сафарини Москвага амалга оширди.

Ангела Меркель россияликлар президенти ва Россия ҳақида аслида қандай фикрда экани номаълум, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, уни Россияга ортиқча юмшоқ муносабатда бўлишда айблайдиганлар ёдда тутиши керакки, барча муҳим қарорларни (масалан, Россия йўналишидаги сўнггиси - «Шимолий оқим - 2» газ қувури бўйича қарор) канцлер ўз партиясидаги етакчи сиёсатчилар, коалиция бўйича ҳамкорлар, Ерлар бош вазирлари, бизнесменлар, Европа Иттифоқи бўйича шериклар ва Брюссель билан келишиб қабул қилиши керак.

Бошқа томондан, Меркель ҳамиша муросага ва барқарорликка, «қонун устуворлиги доирасидаги мўътадил тараққиёт»га интилиши ҳисобга олинса, агар Москва ташқи сиёсатидаги эволюция бўлмаганида, тасаввур қилиш мумкинки, у Путин билан ҳеч қандай муаммосиз «business as usual» («одатий бизнес») режимида ишлаган бўларди.

Меркелнинг канцлерлиги даврида Россия ва Грузия уруши бўлиб ўтди; Британияда Александр Литвиненко, Сергей ва Юлия Скрипаллар заҳарланди; Қрим босиб олинди; Украина шарқи уруш гирдобида қолди; бундестаг почталарига бузиб кирилди («Мен ҳар куни Россия билан муносабатларни яхшилашга уринаман, аммо, бошқа томондан россиялик кучлар томонидан амалга оширилгани яққол кўриниб турган бундай ишлар бўлади», - деганди бу борада Меркель); Берлин марказида мухолифатчи Зелимхан Хангошвили ўлдирилди. Ниҳоят, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва бу борадаги текширув ишларига Германия ҳам жалб этилиши. Ва Меркель асосий россиялик мухолифатчини кўриш учун шифохонага келди.

Натижада кўплаб немис сайловчилари ва сиёсатчилари Путин Россиясига муносабатини ўзгартирди - Меркелда ҳам манёврлар қилиш учун майдон ўзгарди.

«Германия аллақачон Россиянинг Европадаги «асосий лоббисти» бўлишни бас қилган. Канцлер (Герхард) Шрёдер давридаги ГФРнинг «адвокатлик функцияси» ўрнига аввалига ўзаро тушунмовчилик, кейин эса кескинлик эгаллади. Агар Германияни Евроиттифоқдаги «Россияни тушунувчилар» шкаласи бўйича баҳоласак, бу давлат анчадан бери «тушунувчилар» рўйхатини бошқармаяпти, балки бу рўйхатнинг ўрталарида жойлашган», дейди бу масалада германиялик сиёсатшунос Дмитрий Стратиевский BBC билан суҳбатда.

Натижа: Германия ва Евроиттифоқ россиялик амалдорлар ва ҳарбий раҳбарларга нисбатан санкцияларни кучда қолдирди, аммо улар жуда оғриқли эмас; немис бизнеси Россияда ишлашда, Россия гази - Германияга оқишда давом этади. Меркель барчани рози қилди: қатъий линия тарафдорларини ҳам, ўтмишдаги ишларнинг барчасига кўз юмган ҳолда Россияда пул ишлаб топишни истаганларни ҳам.

Давр якунлари
Ҳозирда барча Германия ва Европада Ангела Меркелга у каби адекват ворис топилиш-топилмаслиги бўйича тахминларини билдирмоқда.

Бир томондан, Германиянинг исталган канцлери, ЕИдаги энг йирик иқтисодга эга қудратли давлат раҳбари сифатида ўз-ўзидан бутун Европанинг етакчиси бўлиши табиий ҳолат.

Бошқа томондан - яна ким ўз мамлакатида, бутун Европа ёки дунёда у каби авторитетга эга бўлиб, барқарор натижаларга эришиши мумкин? Меркель кетмоқда - ортидан унинг партияси сайловчиларининг ярми партиясини ўзгартирмоқда.

Ҳозирда дунёдаги ўнлаб етакчи нашрлар ва таҳлилчилар Меркель даври якунларини сарҳисоб қилишмоқда - уларнинг барчаси деярли бир нарсани ёзишмоқда.

«Германияда уни тез-тез қандайдир катта мақсадсиз, келажакнинг умумий картинасини чизиб олмасдан бошқаргани учун танқид қилишади. Аммо Германия ва ундан ташқаридагилар унинг ҳалоллик, барқарорлик ва масъулиятни сақлаган ҳолда қийинчиликларни енгиши ва муваффақиятга эришиши қобилиятини унутишмайди», дейди Conversation нашри муаллифи.

Ангела Меркель. Қисқа биография

  • 1954 йил 17 июлда - Ҳамбургда, келиб чиқишига кўра польшалик-германиялик бўлган, лютеран пастори Ҳорст Казнер (Германиянинг бўлажак канцлерининг бувасининг фамилияси Казмержчак бўлган) оиласида Ангела Доротея Казнер дунёга келган.
  • 1954 йил кузи - Казнерлар оиласи ГДРга, Перлеберг шаҳрига кўчиб ўтади, бу ерда ота Ҳорст даромадли иш топганди.
  • 1986 йилда - 11 йилдан буён Меркель фамилиясида бўлган Ангела квант химияси бўйича доктор мақомини олади ва фан билан машғул бўлишда давом этади.
  • 1989-1990 йилларда - демократик ҳаракат тўлқинида Меркель сиёсатга кириб келади, "Демократик уйғониш" партиясига аъзо бўлиб киради ва ГДРнинг демократик йўл билан сайланган илк ва сўнгги ҳукуматида матбуот котиби ўринбосарига айланади.
  • 1990 йил 2 декабрда - бирлашган Германиянинг бундестагига илк сайловда Меркель ХДИдан депутат этиб сайланади.
  • 1991-1994 йилларда - Меркель - Ҳелмут Кол ҳукуматида Аёллар ва ёшлар вазири лавозимини эгаллайди.
  • 1994-1998 йилларда - Меркель - яна Ҳелмут Кол ҳукуматида Атроф-муҳит ва ядро хавфсизлиги вазири бўлади.
  • 1998 йилда - сайловларда социалистларга мағлуб бўлган ХДИ Меркелни партия бош котиби, яъни партия аппарати раҳбари этиб танлайди.
  • 2000 йилда - Меркель ХДИ раисига айланади - у немис партияси тарихидаги илк аёл раҳбар эди.
  • 2005 йил 30 майда - Меркель раҳбарлигидаги ХДИ/ХСИ Герхард Шрёдер бошлиқ социалистларни мағлуб этиб, ҳокимият тепасига келади.
  • 2005 йил 22 ноябрда - бундестагда коалиция тузиш бўйича узоқ давом этган музокаралардан кейин Меркель раҳбарлигидаги ҳукумат шакллантирилади, энди у Германия тарихидаги илк аёл канцлерга айланади.
  • 2009, 2013, 2017 йилларда - сайловларда Меркель раҳбарлигида ХДИ/ХСИ блоки ғалаба қозонишда давом этади.
  • 2018 йил 29 октябрда - Меркель партияни кейинги сайловларга олиб бормаслигини ва тез орада ХДИ раислигини тарк этишини маълум қилади.
  • 2018 йил 7 декабрда - ХДИ раислигига Меркелнинг номзоди - Аннегрет Крамп-Карренбауэр сайланади (2020 йилга келиб уни Армин Лашет алмаштиради).
  • 2021 йил 26 сентябрь - бундестаг учун навбатдаги сайловлар, бу сафар Ангела Меркель Германия канцлери лавозимини тарк этади.

Мавзуга оид