Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кремл АҚШга ядровий қурол синовларини қайта бошлаш билан таҳдид қилди
Путин матбуот котиби айтишича, «Буревестник» ядровий қурилмали қанотли ракета синовлари ядровий синов ҳисобланмайди. Песков Трампнинг бундай тестларни бошлаш ҳақидаги сўзларига жавобан ядровий қурол синовлари бўйича мораторийни эсга солди.
ФОТО: AFP / SCANPIX
Москва АҚШнинг шунга ўхшаш қадамига жавоб тариқасида ядровий синовларни қайта тиклаш билан таҳдид қилди. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 30 октябр куни журналистлар билан суҳбатда дунёда ядровий қуролни синашга оид амалдаги мораторий мавжудлигини таъкидлаб, чекланмаган узоқликка эга «Буревестник» қанотли ракетаcининг ядровий қурилма билан ўтказилаётган синовлари «ядровий синов» эмаслигини билдирди.
«Шу кунгача кимдир (ядровий қурол) синовини ўтказаётгани ҳақида маълумотимиз йўқ. Агар гап қандайдир тарзда “Буревестник” синови ҳақида кетаётган бўлса, бу ҳеч қайси тарзда ядровий синов эмас. Барча давлатлар ўз мудофаа тизимларини ривожлантиради, аммо бу ядровий синов ҳисобланмайди», — деди у.
Песков, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг ядровий қурол синовлари бўйича мораторий бузилган тақдирда «вазиятга мос тарзда ҳаракат қилиш» ҳақидаги кўп маротаба айтган гапларини эсга солди. У «Буревестник» синовлари ҳақидаги маълумот АҚШ президенти Доналд Трампга тўғри етказилишига ҳам умид билдирди.
Бундан олдинроқ Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни топширганини эълон қилди. «Бошқа мамлакатлар синов дастурларини юритаётгани сабабли, Мудофаа вазирлигига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни буюрдим. Жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида. Унинг таъкидлашича, АҚШ «бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ ядровий қуролга эга».
Ҳозирча Трамп тўлиқ қувватли ядровий портлашларни, етказиб бериш воситалари синовини ёки каллаклар портлашсиз текшириладиган субкритик синовларни назарда тутгани ёки тутмагани аниқ эмас.
АҚШ 1992 йилдан бери тўлиқ қувватли ядровий қурол синовларини ўтказмаган. Вашингтон 1996 йилги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Шундан буён АҚШ Невада полигонида еростида субкритик синовлар ўтказиб келмоқда.
Москва эса сўнгги марта 1990 йилда, СССР даврида ядровий синов ўтказган. Россия Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган ва ратификация қилган, бироқ 2023 йилда ўз имзосини қайтариб олган. Бундан олдин АҚШ Россияни ядровий синовлар мораторийини бузишда айблаган эди.
Сўнгги кунларда Путин аввало чекланмаган узоқликка эга ядровий қурилмали «Буревестник» қанотли ракета, кейин эса ядровий қурилма билан жиҳозланган сувости пилотсиз аппарати «Посейдон» синовлари ҳақида хабар берди. Шу билан бирга Россиянинг ядровий қуролнинг ўзини синагани ҳақида эълон қилинмади. Трамп эса Путиннинг «Буревестник» синовига оид баёнотини «ноўрин» деб баҳолади.
Мавзуга оид
09:13
Венгрия АҚШ билан газ етказиб бериш бўйича келишувга эришди
08:51
Трамп Сурия ва бошқа давлатлар фуқароларига АҚШга киришни тақиқлади
09:46 / 16.12.2025
Берлиндаги музокаралар: АҚШ Донбассни топширишни талаб қилмоқда
13:27 / 15.12.2025