Жаҳон | 09:13
830
2 дақиқада ўқилади

Венгрия АҚШ билан газ етказиб бериш бўйича келишувга эришди

АҚШ билан тузилган шартномага кўра, Венгрия энергетика тизимига ҳар йили 400 млн кубометр суюлтирилган табиий газ (СТГ) келиб тушади. Венгрия ташқи ишлар вазири икки давлат ўртасидаги «энергетик ҳамкорликда муҳим марра» ҳақида баёнот берди.

Фото: X / FM_Szijjarto

Венгрия АҚШ билан ҳар йили 400 млн кубометр ҳажмда суюлтирилган табиий газ (СТГ) харид қилиш бўйича беш йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда сешанба, 16 декабр куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто маълум қилди ва келишувни «АҚШ—Венгрия энергетик ҳамкорлигида муҳим марра» деб атади.

«Бу, кейинги беш йил давомида Венгрияга 2 млрд кубометр СТГ келиб тушади, дегани», — деб ёзди Сийярто ижтимоий тармоқларда. «Биз энергия ресурсларини имкон қадар кўпроқ сотувчилардан, имкон қадар кўпроқ йўналишлар орқали ва шунга мос равишда имкон қадар мақбул нархда сотиб олишдан манфаатдормиз».

Ҳозирда Венгрия, «Интерфакс» маълумотига кўра, Россиядан йилига тахминан 8 млрд кубометр газ харид қилади — «Турк оқими» газ қувури орқали.

Ноябр ойида Будапешт АҚШ Венгрияга Россия нефти ва газини сотиб олишга қўйилган санкциялардан чекланмаган муддатга озод қилиш (имтиёз) берганини билдирган эди.

Декабр бошида Евроиттифоқ Кенгаши ва Европарламент REPowerEU режаси доирасида 2027 йилгача Россия табиий газини импорт қилишдан босқичма-босқич воз кечиш бўйича регламентга оид дастлабки келишувга эришди. 2025 йил 17 июнига қадар тузилган қисқа муддатли шартномалар учун ЕИга Россиядан газ импорт қилиш тақиқи 2026 йил апрелидан — СТГ бўйича, 2026 йил июнидан эса — қувур орқали келадиган газ бўйича кучга киради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид