Жамият | 11:32 / 12.05.2018
45747
2 дақиқада ўқилади

Диана Еникееванинг вафоти ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилди 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-сонли мактабнинг меҳнат тўгараги ўқитувчиси Диана Еникееванинг фожиали ҳалокати юзасидан махсус текширув ўтказиш бўйича топшириқ берган эди.

Бунда меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган бахтсиз ҳодиса юзасидан ҳам Махсус текшириш комиссияси ўз фаолиятини олиб борди. Комиссия хулосасига биноан, Диананинг вафоти ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилди ва тегишли тартибда Н-1 шаклидаги далолатнома тузилди.

Агар ўлим ишлаб чиқариш билан боғлиқ дея эътироф этилса, унда меҳнат қонунчилигига кўра, вафот этган ходимнинг яқинларига бир қатор тўловлар тўлаб берилиши керак.

Олинган маълумотларга кўра, “Агросуғурта” суғурта компаниясининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан марҳум Диана Еникееванинг оиласига бир марта тўланадиган 44 млн 697 минг 096 сўм бир йўла нафақа миқдори белгиланган. Бунда Диананинг олти йиллик ўртача иш ҳақи ҳисобга олинган.

Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик туфайли Диананинг фарзандига ойма-ой 206 минг 931 сўм миқдорида нафақа тўлаш белгиланди. Ушбу нафақа фарзанди токи 16 ёшга тўлгунга қадар, яъни 2018 йил март ойидан 2032 йил 4 февралга қадар тўлаб борилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 4 февралга қадар, яъни Диананинг фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жами 2 млн 211 минг 634 сўмлик тўлов ҳам тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шу мавзуга бағишлаб эълон қилинган “Диананинг ўлими учун мактаб қанча товон тўлайди?” номли мақолада мактаб ўқитувчиси ҳашар ишларига жалб қилинган вазиятда вафот этса, унинг оиласига зарар, яъни халқ тили билан айтганда товон пули тўланиш тартиби ҳақида маълумот берилган эди.

Хушнуд Худайбердиев, ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид