Жаҳон | 09:28 / 26.03.2024
48943
5 дақиқада ўқилади

«Агар тожик бўлсанг, мен сен билан кетмайман». Терактдан кейин Россиядаги Тожикистон фуқаролари нафрат ва тажовузга дучор бўлмоқда

Александр Миридонов / Коммерсант / Sipa USA / Vida Press

«Крокус Сити Ҳолл»да содир этилган теракт ва уни ижро этишда гумонланаётган тожикистонликлар қўлга олингач, кучишлатар тузилмалар «шарқона кўриниш»га эга бўлган одамларни текширишни кучайтирган. Россия шаҳарларида одамлар Тожикистондан бўлган ҳайдовчилар билан таксида кетишдан бош тортмоқда, тожик диаспоралари раҳбарлари эса, ўз ватандошларига кечалари уйдан чиқмасликни тавсия этмоқда. Қўлга олинганлардан бири уч ойча вақт ишлаган сартарошхона ходимларига ёппасига таҳдидлар келмоқда. «Медуза» россияликлар теракт ва «Крокус»га ҳужумда Тожикистон фуқаролари гумонланаётгани тўғрисидаги янгиликларга қандай реакция қилаётганига бир неча мисолларни келтирди.

«Крокус Сити Ҳолл»даги терактдан кейинги кун ижтимоий тармоқларда Брянск областида, Украина чегараси томон олиб борувчи йўлда кучишлатар тузилмалар томонидан гумонланувчи сифатида қўлга олинган шахсларнинг исм-шарифлари пайдо бўлди. Улардан бири, 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов Ивановская области Тейково шаҳридаги «Плошадка» номли сартарошхонада ишлагани маълум бўлди. Бу ҳақда хабар топган маҳаллий аҳоли вакиллари эса салон администратори ҳамда ходимларига таҳдидлар йўллай бошлаган.

Baza телеграм-каналида тарқатилган скриншотларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири «ушбу барбершоп»га «тўдалашиб бориш»ни таклиф қилади, бошқаси ходимларнинг уйларини топиб, ўт қўйиш билан дағдаға қилади. Бундай изоҳлар қаерларда қолдирилганига аниқлик киритилмаган. Катта эҳтимол билан, бу гаплар барбершопнинг «ВКонтакте»даги норасмий саҳифасида ёзилган, аммо ҳозир ўчириб юборилган.

Аммо барбершопнинг расмий саҳифасида 23 март куни салон «ёввойиларча нафратга дучор бўлгани» ҳақида ёзув пайдо бўлди. «Администратор ва усталарга қўнғироқ қилиб, таҳдид солишмоқда, одамлар ёмон баҳолар қўйишмоқда ва қўрқинчли шарҳлар ёзиб қолдиришмоқда», — дейилади хабарда. Сартарошхона ходимлари тасдиқлашича, Файзов салонда 2023 йил ноябридан синов муддатида бўлган ва бир неча ҳафта ишлаган, кейин эса улар билан алоқани узган. Кўп ўтмай бу ёзув ўчириб юборилди, паблик эса қулфланди.

Барбершоп директори Ямина Сафиева «Московский комсомолец»га интервюсида айтишича, салон раҳбариятининг «телефонлари жиринглашдан тўхтамаяпти», чунки уларга қўнғироқ қилишмоқда ва таҳдидли хабарлар ёзишмоқда. «Одамлар менга қўнғироқ қилиб, ўлим тилашмоқда. Мен ҳомиладорман, нима қилишимни билмайман. Кўчага чиқишга қўрқяпман», — деган аёл. Унинг сўзларига кўра ходимлар Файзовда ҳеч қандай шубҳали нарсани пайқашмаган. 25 март куни барбершопга ташриф буюрган РИА Новости мухбири ходимлар сўроқ қилиш учун олиб кетилганини хабар қилган (Сафиева ҳам шу ҳақда айтганди).

Екатеринбургда, маҳаллий Itʼs My City нашри ёзишича, патруллар «шарқона кўринишга эга бўлган» одамларни тўхтата бошлаган, савдо марказларидан биринин маъмурияти эса ўз ижарачиларидан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистондан бўлган ходимлари ҳақида маълумот тақдим этишни сўраган.

Бундан ташқари, такси хизматларининг айрим фойдаланувчилари Тожикистондан бўлган ҳайдовчиларнинг машиналарига чиқишдан бош тортмоқда. Телеграм-каналлар ва пабликларда тарқалаётган скриншотларда мижозлар илова орқали ҳайдовчилардан агар Тожикистондан бўлса, буюртмани бекор қилишни сўраётгани акс этган. «Салом, агар сен тожик бўлсанг, буюртмани бекор қил, мен сен билан кетмайман», — дея ёзган фойдаланувчилардан бири.

 

Baza телеграм-канали ёзишича, тожик диаспораси етакчилари ўз ватандошларига ишдан кейин кечалари уйдан чиқмаслик ва оммавий тадбирларга ташриф буюрмасликни тавсия этмоқда. Телеграм-канал маълумотига кўра, айрим иш берувчилар Тожикистондан бўлган ходимларидан ҳозирги шахсий маълумотларини топширишни сўрамоқда: исм-шарифи, паспорт маълумотлари ва қаерда яшаётгани тўғрисидаги маълумотларни.

Қирғизистон ТИВ мамлакат фуқароларини, хусусан Россияда аввал бир неча марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган қирғизистонликларни РФдаги қўшимча хавфсизлик чоралари ва чегарадан ўтказишнинг кучайтирилган режими бекор қилинмагунча бу мамлакатга бормай туришга чақирди. Россиядаги қирғизистонликлардан одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик сўралмоқда.

Тожикистонлик модел ва блогер Дина Саева ўз ватандошларини қўллаб-қувватлаб мурожаат қилган. «Биз ватандошларим бўлган халққа қарши эмас, терроризмга қарши барчамиз бирлашишимиз керак. Ўн миллионлаб тожиклар ушбу оқлаб бўлмайдиган зўравонлик актида айбдор эмас», — деган Саева.

Давлат думаси депутати Константин Затулин терктдан кейин погром ва самосуд қилишга чақираётганлар жавобгарликка тортилиши лозимлиги, чунки улар моҳиятан «мамлакат ичида беқарорлик келтириб чиқариши»ни айтган. Унинг фикрича, мигрантларга қарши бундай шаклдаги кураш «вазиятни янада кескинлаштириши муқаррар».

Мавзуга оид