Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Барчасига отам сабабчи: YouTubeʼдан ойига 5000 доллар даромад топаётган дастурчи
Жаҳонгир Иброҳимов Инҳа унверситетини тамомлаган. Ўзининг YouTube-каналида 3D принтерда ясаган муҳандислик ишларини инглиз тилида жойлаб боради. Саудия Арабистонига ишлаш учун кетган шифокор отасининг ёнига бориш илинжида болалигидан инглиз тилини астойдил ўрганди. Дастурчининг ойига 3 000 дан 5 000 долларгача даромади бор. Ёш дастурчи ҳозирда Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида фаолият олиб бормоқда.
Шунча ўқиб “пайнетчи” бўласанми?
Фарғона вилояти Қўштепа тумани Лангар қишлоғида туғилганман. Ёшим 23 да. YouTube платформасида иш олиб бораман. Ота-онам шифокор. Оилада тўнғич фарзандман. Мендан кейин яна икки ўғил укам бор.
Қишлоқ шароитида ўсиб улғайганим учун кўпчилик қандай қилиб IT cоҳасига кириб келганим ҳақида қизиқиб сўрашади. Ота-онам шифокор бўлгани учун менинг ҳам шифокор бўлишимни хоҳлашди ва табиий фанларга йўналтиришди. Академик лицейда кимё ва биология фанларини ўргандим. Лекин ўқиш жараёнида бу соҳа мен учун эмаслигини англаб етдим. Шундан кейин ўзимга бошқа йўналиш танлашга ҳаракат қилдим.
Инглиз тилини билганим учун турли сайтларга кириб чет элликлар ҳаётини ўргандим. Дастурчилик у пайтда унчалик ривожланмаган эди. Дастурчи бўлишга қарор қилдим. Ота-онамга танлаган йўлим ҳақида айтганимда улар кўчада “пайнетчи” бўласанми, дейишган. Чунки кўпчилик дастурчи деганда телефон устаси ёки пайнетчини тушунади. Табиийки ота-онам бунга қаршилик қилишди. Менинг эса қарорим қатъий эди, уларга шу касб орқасидан оёққа туришимни исботламоқчи бўлдим.
Биринчи топган пулим 156 доллар эди...
Ўша пайтда дастурчиликни ўрганиш қийин эди. Чунки бизда бу касбни (айниқса Фарғона шароитида) ўрганиш деярли имконсиз эди. Инглиз тилида YouTube-каналимни очдим. У пайтда коллежда 2-курс эдим. Бу канал телефонларни тузатиш, дастур қилиш каби кўпчилик учун фойдали видеолар қилдим. Баъзи видеоларимни кўпчилик томоша қилди. Секин-аста обуначиларим кўпая бошлади. Биринчи YouTubeʼдан топган пулим 156 доллар эди. Пулни олиш учун банкка борганимда ёш бола бўлганим сабаб банк ходимлари менга хизмат кўрсатмагани ёдимда. Ота-онам билан бирга бориб пулни олиб келганмиз. Ўшанда 17 ёшда бўлганман. У вақтларда 156 доллар катта ўқитувчининг бир ойлик маошига тенг эди. Шундан кейин ота-онам IT соҳасида пул топиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилишган ва бу йўлда мени қўллаб-қувватлашди.
Кейинги ойда 448 доллар пул топганман. Шундай қилиб ота-онамни келажагим IT соҳасида билан боғлиқлигига ишонтирганман. Математика фанини ўргана бошладим. Инглиз тилини янада мукаммалроқ ўрганишга аҳд қилиб, Тошкентдаги Инҳа университетига ўқишга киришга тайёргарлик кўра бошладим. Қишлоқда шароит бўлмагани учун Фарғона шаҳрига бориб тайёргарлик кўрдим. YouTubeʼдан чет элликлар ҳаёти ҳақидаги видеолар томоша қилиб инглиз тилини ўрганишга бўлган иштиёқ янада кучайди. Инглиз тилига ўқишга қизиқтирган энг аввало отам бўлган. Отам шифокор бўлгани учунми қўлида доим китоб бўлган. Уни кўриб биз 3 ўғил китоб ўқишга меҳр берганмиз.
Биринчи очган YouTube-каналим ўчиб кетгач қайғуга тушганман...
YouTubeʼда аввалига канал юритиш қонун-қоидаларини яхши тушунмас эдим. Баъзи сабабларга кўра каналим ёпилиб кетди. Шунча қилган ҳаракатим бир кунда ўчиб кетди. YouTubeʼга алоқага чиқиб, каналим тикланишида ёрдам сўрадим. Афсуски, уринишлар бесамар кетди. Шундан кейин янги канал очдим. Шу билан бир қаторда математика, инглиз тили ва физика фанларини ўқиб, Инҳа университетига кириш учун ҳаракатни сусайтирмадим. Ўқишга киришга тайёргарлик кўраётганим учун YouTubeʼга контент қилишга унчалик ҳам вақт бўлмади. 2017-2021 йилларда Инҳа университетини тамомладим.
Ўқиш давомида бир қанча компанияларда дастурчи бўлиб ишладим. 4-курслигимда Дубайда дастурчи бўлиб онлайн ишладим. Ўқишни тамомлаган йилим карантин пайтига тўғри келди. Ҳамма уйда ўтирадиган пайт эди. Уйда бекорчиликдан YouTubeʼга қизиқиш янада ортди ва янги канал очдим. 3D принтер сотиб олиб ясаган нарсаларимни обуначиларга кўрсата бошладим. Чиқараётган видеоларим инглиз тилида бўлгани учун катта қизиқиш билан кўрилди. Бир йил бўлмасдан 100 минг обуначига эришдим. Чиқараётган барча видеоларим дастурчиликка оид бўлган мавзулар эди.
Раҳматли бобом фотожурналист эди. У пайтда фотоаппаратлар саноқли эди. Улар ҳар гал сурат олганларида қизиқиб томоша қилардим. Шу сабабли ҳам медиа соҳасига қизиқишим ортган.
3 000$ дан 5 000 $ гача....
Кўпчилик даромадим ҳақида қизиқиб сўрайди. Ҳар бир чиқарган видеоконтентим учун ўртача 1 000 доллар топаман. Бир ойда бундай видеолардан 3-5 та тайёрлай оламан. Ҳозирги YouTubeʼдаги видеоларим мавзуси 3D принтерлардан чиқарилган инжeнерликка, роботoтехникага оид мавзулардан иборат. Мақсадим обуначиларимга, бутун дунёга муҳандисликни санъат кўринишида кўрсатиб беришдан иборат.
Соҳам бўйича айтишим мумкинки, ота-оналар фарзандини қайсидир маънода телефон ва компьютердан йироқ қилиб тарбияламаслиги лозим. Бола телефондан, албатта, тўғри йўналишда фойдаланиши керак ва буни уддаласа бўлади. Фақат уларни назоратда олиб туриш керак. 6-синфда ўқиётган укамга телефон олиб бериб, махсус дастур орқали ўзимнинг телефонимга улаб қўйганман. У қайси дастурдан фойдаланаётганини кўриб тураман.
Саудия Арабистонига бориш иштиёқи тил ўрганишга туртки бўлди...
“Жаҳонгир болалигидан иқтидорли эди. Унинг шифокор бўлишини хоҳлардим. Лекин унинг ўзи IT соҳасини танлади. Қишлоқ шароитида тарбия учун вақт ажратиш жуда қийин бўлади. Ҳамма қатори ёшлигида тенгдошлари билан далада мол боққан. У техникага жуда қизиқарди. Болалигида радиоприёмникларни титкилаб бузиб қўярди. Болғада электрон соатларни пачоқлаб, эҳтиёт қисмларини ўрганарди.
Иқтисодий муаммолар сабаб соҳам – тиббиёт бўйича чет элда ишлаш орзум эди. Инглиз тилини мустақил ўрганишни бошладим. Ниҳоят, 2008-2009 йилларда Саудия Арабистонида қисқа вақт бўлса-да ишладим. Сафарга кетаётиб ўғлимга имконият бўлди дегунча сизларни ҳам чақириб оламан деб ваъда берган эдим. Чет элга кетганимдан сўнг Жаҳонгир инглиз тилини иштиёқ билан ўрганишни бошлади. Инглиз тилига бўлган муҳаббат мен ҳам отам ёнига чет элга бораман деган ўйлар билан ривожланди.
Ота-оналарга маслаҳатим фарзандингизнинг ички дунёсини ўрганинг, улар билан худди дўстлардек суҳбатлашинг. Келажакда ким бўлиши ҳақида сўранг. Зурриёдингизни имкониятга қараб тўғри йўналишга йўналтиринг”, дейди Жаҳонгирнинг отаси Улуғбек Юсупов.
“Қишлоқда яшаб ойига 3 000-5 000 доллар топиш ёшларнинг орзуси” – IT-Парк Фарғона филиали раҳбари Баҳромжон Жалилов
Юртимизда IT соҳасига эътибор ошгани сабабли ҳар бир вилоятда IT-Парк, туман ва шаҳарларда эса рақамли технологиялар маркази платформалари йўлга қўйилди. Ушбу масканлар Жаҳонгир ва унга ўхшаган ёшларнинг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Шу каби ва яна бир қатор лойиҳалар орқали 2022 йилда вилоятимизда IT маҳсулотлари кўрсатган хизматларидан тушган экспорт ҳажми 322 минг долларни ташкил қилди. IT корхоналар 2021 йил бошида 7 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда улар 50 нафардан ошди. 2023 йилда бу кўрсаткични биз 80 га етказиб, экспорт ҳажмини эса 700 минг долларгача оширмоқчимиз.
Жаҳонгирнинг Марказга келганига ҳали бир йил бўлгани йўқ. Ҳозирда у ўз компаниясига асос солди ҳамда IT-Парк резидентига айланмоқда. Кўплаб ёшларимиз ундан ўрнак олиб замонавий касбларга ҳамда инглиз тилини ўрганишга бўлган эътибори кучайган. Улар ҳозирда “YouTube академияси” лойиҳаси устида иш олиб боришяпти. Оддий қишлоқ фарзандининг ватанда туриб халқаро контент яратиб, ойига 3000 – 5000 доллар топиши ҳозирги кундаги барча ёшларнинг орзуси.
Сарвар Зияев
Аълохон Турсунов.
Мавзуга оид
20:18 / 26.12.2025
IT соҳасидаги топ-10 миллиардернинг бойлиги сунъий интеллект туфайли кескин ошди
11:26 / 29.11.2025
Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи амал қиладиган халқаро IT-марказ ташкил этилди
13:40 / 27.11.2025
Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди
11:20 / 08.02.2025