Ўзбекистон президенти 26 ноябр куни Enterprise Uzbekistan номли рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш бўйича фармон имзолади.

Фармонга асосан, марказ Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига ёки етакчи халқаро молия марказлари стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд (юрисдикция) сифатида эътироф этилди.

Бунда, Enterprise Uzbekistan резидентлари учун солиқ ва божхона маъмурчилиги, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, шахсга доир маълумотлар ва интеллектуал мулк ҳимояси, давлат хизматларини кўрсатиш ва низоларни ҳал қилиш каби йўналишларда алоҳида тартиб-қоидалар амал қилади.

Марказ резидентларининг (шунингдек, томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ бошқа тадбиркорлик субъектларининг ҳам) низолари Ўзбекистон Республикаси суд тизимига кирмайдиган мустақил ихтисослаштирилган суд томонидан кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасига 3 ой муддатда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасини киритиш топшириғи берилди.

Enterprise Uzbekistan – Ўзбекистон президентининг 2024 йил 1 февралдаги фармони асосида, Тошкентдаги IT-Park ҳудудида ташкил этилган бўлиб, ўша фармонда марказдаги хорижий компаниялар учун махсус ҳуқуқий режимни 2024 йил 1 июндан бошлаб эксперимент тариқасида жорий қилиш белгиланган эди. Янги фармон билан эса, марказнинг алоҳида юрисдикция сифатидаги мақоми эътироф этилди.