Ўзбекистон | 13:40 / 27.11.2025
1322
2 дақиқада ўқилади

Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди

Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда IT соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш, рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга хизмат қилувчи Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилмоқда.

Фото: dgov.uz

“Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги президент фармони (ПФ–233-сон, 2025 йил 26 ноябр) қабул қилинди. Унга мувофиқ, Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди.

Фармоннинг асосий мақсадлари сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:

  • IT соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда халқаро даражада рақобатбардош ва жозибадор экотизимни шакллантириш;
  • рақамли ечимлар ва инновациялар бўйича илғор маҳаллий компаниялар фаолиятини рағбатлантириш, шу жумладан малакали кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш.

Фармонга кўра, марказ ҳудудида қатор замонавий фаолият турларига рухсат этилади. Қуйидагилар шулар жумласидандир:

  • дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, рақамли технологиялар соҳасида консалтинг ва аутстаффинг хизматларини кўрсатиш;
  • рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аутсорсинг асосида масофавий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан бизнес жараёнлар аутсорсинги (BPO);
  • видео ўйинлар (GameDev) яратиш, улар учун график дизайн, видео ва аудио каби рақамли контент ишлаб чиқиш, яратиш ва таҳрирлаш;
  • сунъий интеллект технологияларини яратиш, синовдан ўтказиш ва ривожлантириш.

Фармонга мувофиқ, марказ Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига ёки етакчи халқаро молия марказлари стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд сифатида эътироф этилади.

Бундай ҳуқуқий мақом рақамли технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, чет эл ва маҳаллий инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий IT-марказ сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид