Ўзбекистон | 23:16 / 24.10.2017
22441
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пахта етиштиришда халқаро инфратузилмадан фойдаланади 

Фото: KUN.UZ


24 октябрь куни 13-Халқаро ўзбек пахта ва текстили ярмаркасига старт берилди. Тадбир доирасида Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлмиш Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда пахта толасини барқарор равишда етиштиришни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳасининг дастлабки натижаларини бозор иштирокчиларига тақдим этди. Лойиҳа Венгрия ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Дастлабки 7 ой мобайнида лойиҳа доирасида фермер хўжаликларида пахтани барқарор равишда етиштириш стандарт тизимини жорий этиш учун инфратузилма ишлаб чиқилди ва у синов тариқасида жорий этилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги технологиялари диагностикаси амалга оширилди. Пахтачилик самарадорлигини ошириш ва механизациялашни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ХМК бутун мамлакат бўйлаб пахтани барқарор равишда етиштириш стандартлари тизимини жорий этишда давом этади.

Танзила Норбоева, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси: 

"Халқаро молия корпорациясининг мазкур лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг пахта толасини етиштиришда ва ҳосилни териб олишда стратегик вазифаларни амалга оширишига ёрдам беради. Лойиҳа туфайли Ўзбекистон пахтачиликда илғор амалиётларни синаб кўради ва натижада, фермерлар ва тўқимачилик корхоналарининг қисқа муддатларда халқаро стандартларга жавоб бериш имкони пайдо бўлади".

Илҳом Хайдаров, "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси:

"Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2020 йилга қадар
корхоналарнинг салоҳияти республикада етиштирилаётган пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга имкон беради. Тўқимачилик маҳсулотларини қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқариш билан бир қаторда пахта хом ашёсини барқарор равишда етиштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фермерлар билан биргаликда пахтани тўқимачилик корхоналари учун ишлаб чиқариш ўзбек маҳсулотларини йирик халқаро бозорларига кириб боришига ёрдам беради".

Татьяна Лозанская, ХМКнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги консалтинг хизматлари раҳбари:

"Хусусий секторнинг барқарор равишда ривожланишга кўмаклашиш
ХМКнинг стратегик мақсади ҳисобланади. Ўзбекистонда пахтачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳамиз Ўзбекистон хусусий секторининг мамлакат иқтисодиётидаги ролини оширишга йўналтирилган жараёнларни жадаллаштиради. Пахтани етиштиришда илғор тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, ўзбек пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларининг глобал рақобатбардошлигини
ошириш имконини беради."

Петер Санто, Венгриянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси: 

"Ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ёрдамида Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик муносабатларини ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга умид қиламиз".

Тайёрлаган:  Феруза Авазова

Мавзуга оид