Ўзбекистон | 11:02 / 10.12.2025
2804
2 дақиқада ўқилади

Пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорлик оширилади: президент қарори қабул қилинди

Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштириш самарадорлигини янада ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди. Президентнинг «Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Қарорга мувофиқ, 2026 йил учун қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди:

  • замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш орқали пахтачиликда ҳосилдорликни гектаридан 50 центнердан ошириш;
  • ғаллачиликда ҳосилдорликни гектаридан 100 центнерга етказиш;
  • илм-фан ютуқлари ва устоз-шогирд анъаналарига асосланган янги тизим орқали пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш.

2026 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштириш учун имтиёзли кредитлар тупроқнинг 1 бонитет балига нисбатан норматив ҳосилдорликка (ц/га) 0,7 коэффициентни қўллаган ҳолда ажратилади.

Бунда, имтиёзли кредитнинг 0,6 коэффициентдан ошган қисми учун ликвидли гаров таъминоти тақдим этилади.

Пахта етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш, жумладан, плёнка, томизғичли шланглар харид қилиш харажатлари ҳам имтиёзли кредитлар ҳисобидан қопланади. Имтиёзли кредитлар тижорат банклари орқали ҳар йили январ–август ойларида ажратилади.

Йил давомида имтиёзли кредит лимитининг 50 фоизгача қисмидан фойдаланган пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига белгиланган тартибда сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратиш тизими жорий қилинади.

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар пахта ва ғаллачиликда интенсив технологияларни кенг жорий этиш, фермерлар юкини енгиллаштириш ва ердан самарали фойдаланиш ҳисобига юқори ҳосилга эришишга хизмат қилиши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид