Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
100 йил олдинги ташаббуслар: жадидлар камбағалликка қарши қандай курашган эди?
“Камбағалликка қарши кураш” янги замон ихтиросими? Аслида бундан роппа-роса бир аср муқаддам Туркистон жадидлари ва уларга таянган маҳаллий бой-савдогарлар камбағаллик устида бош қотирган: жамиятлар тузган, мактаблар очган, матбуот ва нашриёт йўлга қўйган, иқтидорли ёшларни чет элда ўқитишга ҳаракат қилган.
Исломий молиянинг ўтмишдаги тажрибасини ўрганаман деб, бироз архив титкиладим. Ва бехосдан XX аср бошида бўлиб ўтган қизиқ жараёнларга дуч келдим.
Хулосам шуки, жадид боболаримизни фақат маърифатпарварлар деб эмас, миллат тақдирини ўйлаган кенг кўламли стратеглар дейиш керак. Уларнинг камбағаллик билан курашиш тажрибаси бунга мисол.
Улар камбағаллик илмсизлик, касбсизлик ва ижтимоий тарқоқлик билан боғлиқ мураккаб муаммо деб қараган.

Ҳаммаси жамиятлардан бошланган
XX аср бошларида Туркистоннинг деярли барча йирик шаҳарларида бугунги тилда айтганда жамоат фондлари, маърифий жамиятлар ёки нодавлат хайрия тузилмаларига ўхшаш ташкилотлар пайдо бўла бошлади.
Жадидлар тарғибот қилиш билан чекланмади: улар тузган жамиятлар маблағ йиғиш, мактабларни қўллаб-қувватлаш, китоб ва дарсликлар чоп этиш, иқтидорли ёшларга ёрдам бериш, маърифат ишларини ташкил этиш каби аниқ вазифаларни бажаришга киришди.
Жадидлар миллатни уйғотиш учун ғоя етарли эмас, уни амалга оширадиган ташкилий таянч ҳам кераклигини тушунди. Туркистоннинг турли ҳудудларида “Жамияти хайрия”, “Турон”, “Тарбияи атфол”, “Ғайрат” ва бошқа шу каби жамиятлар ташкил этилди. Бу тузилмалар ўз даври учун янгилик эди, чунки шахсий саховатни тизимли ижтимоий фаолиятга айлантирди.
Тошкентда 1909 йилда тузилган “Жамияти хайрия” – мисол. Жамият камбағал оилалар фарзандларини ўқитиш, уларни кийим-кечак, дафтар-қалам, зарур ўқув воситалари билан таъминлар эди. 1913 йилда Тошкент жадидлари ташаббуси билан “Турон” жамияти (ва унинг доирасида театр труппаси) тузилди. Яъни жадидлар ташаббуслари якка-якка ҳаракатлар бўлмаган, балки кўламли шаклга кирган.
Мақсад – жамиятни аввал уйғотиш, кейин унинг ташкилий асосларини яратиш, ундан сўнг маърифий ва ижтимоий ғояларни амалий тизимга айлантириш.
Камбағалликка қарши курашнинг марказида мактаб турарди
Жадидларнинг энг катта ва энг узоқни кўзлаган лойиҳаси янги усул мактаблари эди. Бу мактаблар эски мактабларнинг янги кўриниши эмас эди. Улар таълим мазмунини тубдан ўзгартиришни мақсад қилган. Дарсларда диний билимлар билан бир қаторда математика, география, тарих, табиатшунослик, тил ва бошқа амалий фанлар ҳам ўқитила бошланди. Жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий келажагини ўзгартиришга қаратилган қадам эди бу.

Жадидлар бугун “инсон капитали” деб аталадиган тушунчанинг амалий моҳиятини эрта англаб етган эди. Улар камбағалликни енгиш нон улашиш эмаслигини, янги авлод илмли бўлса, ишлар юриб кетишини билар эди. Улар мактабни фақат маърифат ўчоғи деб эмас, ижтимоий юксалиш воситаси сифатида кўрди.
Натижада янги бир қатлам – миллат келажагини таъминловчи саводли, масъулиятли ва дунёқараши кенг ёшлар шакллана бошлади.
Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов ва Абдулла Авлоний, Фарғона водийсида бошқа кўплаб маърифатпарварлар мактаб очиш, дарсликлар яратиш, ўқитувчилар тайёрлаш ва таълимни ташкилий асосга қўйиш йўлида катта меҳнат қилди.
Туркистонда сармоя ва маърифат бирлашган

Жадидчилик ҳаракатининг кучи шунда эдики, уни фақат зиёлилар эмас, балки маҳаллий бой-савдогарлар, саноатчилар ва миллат тақдирига бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик ҳам қўллаб-қувватлади. Шу туфайли жадидчилик оддий ғоявий ҳаракат бўлиб қолмай, амалий кучга айланди.
XX аср бошларида Туркистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва бошқа шаҳарларида савдо ва иқтисодий фаоллик маърифий ислоҳотларни моддий жиҳатдан таъминлаш имконини берди. Маҳаллий бойлар мактаблар, жамиятлар, нашриётлар, газета-журналлар, дарсликлар ва стипендиялар учун маблағ йўналтирдилар. Жадидлар эса бу имкониятни бойликни илмга айлантириш, мактабларни кучайтириш ва миллий онгни уйғотиш йўлида ишлатдилар.
Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий каби жадидлар бу жараённинг ғоявий етакчилари бўлган бўлса, Саидносир Миржалилов ва Обиджон Маҳмудов каби ҳомийлар унга амалий кўмак берди. Бироқ бу жараён фақат айрим машҳур шахслар билан чекланиб қолмади. Уни миллат келажагига ишонган юзлаб фидойи муаллимлар, зиёлилар, ноширлар, савдогарлар ва жамоат арбоблари елкасида кўтарди.
Натижада Туркистон шунчаки географик ҳудуд эмас, илм, сармоя ва миллат келажаги туташган тарихий маконга айлана бошлади.
“Эл-юрт умиди”нинг ўша даврдаги кўриниши: ёшларни чет элга юбориш
Жадидлар ва айниқса ёш бухороликлар ҳаракатининг энг жасоратли ташаббусларидан бири иқтидорли ёшларни хорижга юбориш бўлди. Зеро бу катта зарурат эканини жадидлар эрта тушунди. 1909-1910 йилларда Бухорода “Тарбияи атфол” жамияти тузилди, у иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш ташаббусини амалга оширишга уринди. Истанбулга талабалар юбориш бу ташббуснинг энг муҳим йўналишига айланди. Кейинроқ эса Европадаги таълим ва тажрибага қизиқиш ҳам кучайди.
Бу вазифа оддий эмас эди. Мустамлакачилик, қолоқлик ва сиёсий босим кучли бўлган бир шароитда кимдир: “Бизга замонавий муҳандислар, шифокорлар, иқтисодчилар ва ҳуқуқшунослар керак, уларни тайёрлаш учун болаларни Истанбулга ва бошқа илғор таълим марказларига юбориш лозим”, деб ўйлашнинг ўзи у давр учун жасорат ва юксак стратегик тафаккур намунаси эди.
Бу – жадидлар камбағалликни шунчаки бугуннинг муаммоси деб эмас, авлоддан авлодга ўтадиган қолоқлик занжири деб кўрганини англатади. Улар бу занжирни айнан таълим ва кадрлар тайёрлаш орқали узмоқчи бўлган.
Матбуот – нон эмас, лекин нонсиз қолмасликнинг шарти
Жадидларнинг яна бир хизматларидан бири – миллий матбуот ва нашриёт ишини ривожлантиргани бўлди: “халқнинг фикри ўзгармаса, унинг турмуши ҳам ўзгармайди”. “Самарқанд”, “Ойина”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби нашрлар пайдо бўлди. Газета ва журналлар фақат хабар етказувчи восита эмас, балки халқни тежамкорликка, илм-фанга, мактабга, тарбияга, касб-ҳунарга, уйғоқликка, масъулиятга чорлайдиган майдон эди.
Улар хурофотга қарши курашди, саводсизликнинг зарарини тушунтирди, миллат келажаги учун маърифат зарурлигини уқтирди. Жадидлар учун газета ёки журнал мафкуравий дабдаба эмас, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим қуроли эди.
Хайрия фақат садақа эмас
Жадидларнинг ижтимоий қарашларидаги энг қизиқарли жиҳатлардан бири – хайрияни боқимандалик келтирувчи тарқатма сифатида эмас, мустақил ҳаётга тайёрловчи ёрдам деб тушунди. Ўша пайт учун бу новация эди.
Улар учун камбағал оилага ёрдам бериш – боласини мактабга жойлаштириш, ўқув қуроллари билан таъминлаш, иқтидорларга имкон бериш, маърифат ва ҳунар эшигини очиш эди.
Шундай қилиб жадидлар бир неча тамойилни илгари сурди:
- таълимга сармоя киритиш,
- жамоавий хайрия ва ижтимоий масъулиятни шакллантириш,
- иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш,
- матбуот ва маърифат орқали жамият тафаккурини янгилаш.
Бугунги тилда айтганда, “инсон капитали”, “фуқаролик фаоллиги” ва “ижтимоий ҳимоя” – буларнинг барчаси жадидлар фаолиятида акс этганди.
Энг катта сабоқ: миллатни фақат давлат эмас, жамият ҳам кўтаради
Эҳтимол, бу тарихдан чиқадиган энг муҳим хулоса шудир: миллат тараққиёти фақат давлатга қараб қолмаслиги керак. Жамият ўз келажаги учун масъул бўлиши керак. Бойлар молини фақат ўз фойдасига эмас, миллат тараққиётига ҳам ишлатиши керак. Зиёлилар фақат танқид қилувчи эмас, ташкилотчи бўлиши керак. Мактаб фақат ўқитиш жойи эмас, ижтимоий кўтарилиш майдони бўлиши лозим.
100 йил олдинги бу ташаббуслар бугун ҳам долзарб. “Камбағалликни қисқартириш” ва бошқа “замонавий” мавзулар ҳам янги эмас. Шунинг учун ҳам жадидлар хотирамизда, 100 йил ўтса ҳам.
Искандар Турсунов,
исломий молия мутахассиси,
Al Muamalat Consulting
асосчиси ва директори
Мавзуга оид
15:51 / 05.03.2026
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 715 минг сўм деб белгиланди
14:59 / 31.01.2026
Ҳудудий тенгсизлик ташвишли даражага етди. Сабаблар нима?
14:18 / 02.01.2026
2025 йил якунлари: 302 минг оила камбағалликдан чиқди
21:24 / 17.12.2025