Жамият | 14:18
437
2 дақиқада ўқилади

2025 йил якунлари: 302 минг оила камбағалликдан чиқди

Миллий статистика қўмитаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказган кузатув натижаларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоизни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 3,1 фоиз пунктга кам.

Фото: Kun.uz

Маълумотларга кўра, камбағаллик даражасини ҳисоблаш методологияси Жаҳон банки тавсияси асосида 16 мингта уй хўжалиги бюджетини ўрганиш орқали амалга оширилган.

Қайд этилишича, камбағаллик динамикасида изчил пасайиш кузатилган: 2023 йил — 14 фоиздан 11 фоизга, 2024 йил — 8,9 фоиз, 2025 йил — 5,8 фоиз. Натижада 2025 йилда 302 минг оила камбағаллик ҳолатидан чиқарилган. Камбағаллик даражасининг қисқариши барча ҳудудларда қайд этилган.

Энг юқори ижобий натижалар қатор ҳудудларда кузатилган: Жиззах (11,8 фоиз → 5,8 фоиз), Хоразм (11,9 фоиз → 6,7 фоиз), Сирдарё (11,3 фоиз → 6,2 фоиз), Қорақалпоғистон (10,8 фоиз → 6,6 фоиз), Тошкент шаҳри (7,3 фоиз → 3,5 фоиз).

Шунингдек, камбағаллик даражаси шаҳарларда кўпроқ қисқариб, 5,2 фоиз (2024 йилда — 8,6 фоиз), қишлоқ ҳудудларида эса 6,4 фоиз (2024 йилда — 9,2 фоиз)ни ташкил этган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда республикада камбағал аҳоли сони 2,2 миллион нафар. Камбағалликнинг пасайиши бандликни ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг иқтисодий фаоллигини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар самараси экани билан изоҳланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид