23:02 / 11.08.2020
15994

Ўзбекистон бўйлаб 200га яқин касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари очилади

«Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга асосан, Ўзбекистон бўйлаб тўртта турдаги касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари фаолияти йўлга қўйилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 14 та «Ишга марҳамат» мономарказлари (шу йил охиригача) — рўйхат;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги 30та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари (бир ой муддатда) — рўйхат;
  • Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан, жами 11та қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари (бир ой муддатда) — рўйхат;
  • Ўзбекистон бўйлаб 136 та маҳаллада маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари (икки ой муддатда) — рўйхат.

Бундан ташқари, хусусий касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ҳам ташкил этилиб, уларда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тиллар ўқитилади. Бунда уларга:

  • ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади;
  • вазирликнинг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари ёки уларнинг бир қисми ҳамда ҳокимлик ва маҳаллалар тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади;
  • касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда, мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли равишда фойдаланишга топширилади;
  • нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш учун давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражаси белгиланади.

Давлат ёрдами эвазига, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари:

  • ўқитиш ва баҳолаш сифати меҳнат бозори талабларига мос бўлишини таъминлайди;
  • ишсиз, камбағал аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан тўланаётган давлат буюртмасининг миқдоридан оширмайди;
  • касбий кўникмалари баҳоланаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни Тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрига қўшиш учун тақдим этади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олиб, WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатлари қопланади;
  • тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидиялари ажратилади;
  • ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма берилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб, «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш йўлга қўйилади.

Баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистон ва хорижда тан олинадиган Skills паспорти берилади.

Касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг ягона реестри тузилади.

Top