Ўзбекистон | 12:20 / 08.02.2021
12300
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этиш бўйича қарор қабул қилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Аввалроқ қабул қилинган президент қарорига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалар ҳамда автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиш ҳуқуқи берилган.

Таклиф этилаётган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, қуйидагилар тасдиқланиши кутилмоқда:

  • Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларни ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Электрон аукцион савдоларига қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи)ни белгилаш тартиби.

Белгиланишича:

  • ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар, шунингдек, оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларнинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан жорий электр энергияси ва алоқа каналлари харажатларини қоплаш тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади;
  • ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ҳамда оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар келгусида “Хавфсиз шаҳар” тизими билан мажбурий интеграцияси таъминланган ҳолда, тадбиркорлик субъектлари балансида қолдирилади.

Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ҳамда тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жарималар суммаси қуйидагича тақсимланади:

а) Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасининг:

  • 25 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 25 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
  • 20 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 10 фоизи – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш марказига “Хавфсиз шаҳар” концепциясини тўлақонли жорий этиш учун йўналтирилади.

б) Тадбиркорлик субъектларига тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасининг:

  • 30 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 25 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 25 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

Мавзуга оид