Ўзбекистон | 10:40 / 23.05.2020
7623
4 дақиқада ўқилади

Давлат фуқаролик хизматчиси нималарга ҳақли эмаслиги аниқ белгилаб қўйилади

Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат лавозимига тайинланган пайтдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчиси мақомини олади ва давлат хизматини тугатганда йўқотади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат фуқаролик хизматининг ягоналиги;

халққа хизмат қилиш;

қонунийлик;

жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;

профессионаллик ва лаёқатлилик;

виждонийлик ва батартиблик;

давлат фуқаролик хизматига қадр-қиммат ва кўрсатган хизматлари асосида кириш учун (меритократия) тенг имкониятлар;

давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти:

давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органни шакллантиради, унинг фаолияти вазифалари, функциялари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилайди;

давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли органнинг раҳбарини лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчиларини лавозимига тайинлайди ва ундан озод қилади;

қонун билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчилари реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан олиб борилади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми фуқаро давлат лавозимига тайинланган пайтдан бошлаб вужудга келадиган ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарликлар, шунингдек уларнинг давлат фуқаролик хизматини ўташи билан боғлиқ чекловлар тизимидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат лавозимига тайинланган пайтдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчиси мақомини олади ва давлат хизматини тугатганда йўқотади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг фаолият соҳасидан ҳамда эгаллаб турган давлат лавозимидан қатъий назар давлат фуқаролик хизматчисининг ягона ҳуқуқий мақоми таъминланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда (ота-оналар, ота-оналарнинг ака-укалари ва опа-сингиллари, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) бевосита лавозим бўйсунишида бўлган давлат лавозимини эгаллашга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

давлат фуқаролик хизматчисининг психологик портретини тузишда психодиагностик кўрикдан ўтишни рад этишга;

давлат фуқаролик хизматчиларининг базавий билимларини ҳамда дунёқарашини аниқлаш бўйича тест синовларида қатнашишни рад этишга;

ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, педагогик, илмий ва ижодий фаолият бундан мустасно;

шахсан ёки ишончли вакиллар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;

тижорат ташкилоти бошқаруви органи аъзоси бўлишга, давлат улуши бўлган ташкилотлар бундан мустасно;

давлат фуқаролик хизматчиси ўзи хизмат қиладиган ёки уларнинг мустақиллигини бузилишига олиб келадиган алоқалар ва манфаатларга эга бўлган давлат органи ёки ташкилотнинг назорати остидаги ташкилотларда улушлар, пайлар ва акцияларни тўғридан-тўғри ёки вакиллар орқали сотиб олишга;

моддий-техника, молиявий ва ахборот таъминоти воситаларидан, давлатнинг бошқа мол-мулкидан ва хизмат маълумотларидан хизматдан ташқари фойдаланишга;

жисмоний ва юридик шахслардан хизмат вазифаларини бажариш ёки давлат фуқаролик хизматчиси мавқеидан фойдаланиб бирор-бир мукофотларни олишга;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг рухсатисиз хорижий давлатлар, халқаро ва чет эл давлатлари ташкилотларининг мукофотлари, фахрий ва махсус унвонларни олиш, илмий унвон ва даражалар бундан мустасно;

ўз хизмат мавқеи ёки давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми билан боғлиқ қонунда назарда тутилмаган имтиёз ва афзалликлардан фойдаланиш;

сиёсий партияга аъзо бўлиш (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари ва уларнинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, шунингдек вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бундан мустасно).

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид