Ўзбекистон | 12:27 / 16.02.2026
1420
2 дақиқада ўқилади

Товарларни эркин муомалага чиқаришда электрон тасдиқ олиш тартиби жорий этилади

Халқаро тан олинадиган ҳужжатлар ва қонунчиликда белгиланган истисно ҳолатлар асосида товарларни эркин муомалага чиқариш жараёнида ваколатли давлат назорати органларининг электрон тасдиғини олиш тартибини белгилайдиган низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Сунъий интеллект чизган сурат

Лойиҳага кўра, мазкур тартиб нотариф тартибга солиш чораларини соддалаштириш ҳамда товарларни эркин муомалага чиқариш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган. Ушбу механизм халқаро тан олинадиган ҳужжатлар мавжуд бўлган ёки қонунчиликда белгиланган истисно ҳолатлар татбиқ этилган ҳолларда қўлланилади.

Электрон тасдиқ «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Ариза берувчи — ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки уларнинг вакиллари — ушбу тизим орқали тегишли ваколатли органга электрон ариза юборади. Аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Ваколатли органлар қаторига Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги идоралар, техник жиҳатдан тартибга солиш органи, Солиқ қўмитаси, Маданий мерос агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек наркотиклар ва ўқотар қуроллар назорати бўйича агентлик ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар киритилган.

Ариза келиб тушган пайтдан бошлаб ваколатли орган уни кўриб чиқади ва иш вақтида уч соатдан кечиктирмасдан қарор қабул қилади. Агар белгиланган муддатда қарор қабул қилинмаса, электрон тасдиқ автоматик равишда расмийлаштирилади.

Электрон тасдиқ товарларни эркин муомалага чиқариш учун асос ҳисобланади. Шу билан бирга, у ваколатли органларнинг кейинчалик давлат назорати тадбирларини амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.

Лойиҳада ариза берувчи тақдим этган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлиши, қалбаки ёки нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда тегишли таъсир чоралари кўрилиши ҳам белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид