Иқтисодиёт | 18:05 / 13.05.2021
10725
2 дақиқада ўқилади

UZEX: Биржада кластерлар пахта чигитининг бошланғич нархларини туширишди

2021 йил 6-12 май кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунлари кўра техник пахта чигитининг биржадаги нархи 31,2% га пасайиб, 12 май ҳолатига кўра маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 3.403.900 сўмни ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврда, биржа савдоларига сотувчи-корхоналар томонидан 7961 тонна пахта чигити қўйилди ва улардан 5903 тоннаси, яъни 74 фоизга сотилди.

Техник пахта чигитининг биржадаги нархлари пасайишига унинг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пасайтирилганлиги ўз ижобий таъсирини ўтказди.

Хусусан, ўтган даврда пахта-тўқимачилик кластерлари биржа савдоларига қўйиладиган пахта чигитининг бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 4.781.900 сўмдан 2.933.300 сўмгача, яъни 38,7 фоизга пасайтирди.

Техник пахта чигити нархининг пасайиши оқибатида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайди. Хусусан, ўтган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача – 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса мос тарзда – 11,3 фоизга пасайиб, бугунги кунда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14.739.300 сўмни ташкил қилади. 

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш аломатлари билан 34 та пахта кластерига нисбатан иш қўзғатган эди.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Мавзуга оид