Ўзбекистон | 15:55 / 07.06.2021
6933
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқаруви тузилмасида ўзгариш: Энди «Ургут» ЭИЗ раҳбари вилоят ҳокими ўринбосари ҳисобланади

Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқаруви тузилмасига ўзгартириш киритилди. «Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ургут эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари» лавозими жорий этилди. Шунга кўра энди «Ургут» ЭИЗ раҳбари вилоят ҳокими ўринбосари ҳисобланади.

Жорий йил 3 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқаруви тузилмасида ўзгартириш киритиш тўғрисида» 342-сонли қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, «Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ургут эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари» лавозими жорий этилган.

Бундан ташқари, «Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари» лавозими «Самарқанд вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари» лавозими этиб қайта номланган.

Қайд этилишича, мазкур қарордан сўнг, «Ургут» ЭИЗ раҳбари Жамшид Ҳайдаров вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллайди.

Шу пайтгача вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмал Шукуров вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлайди.

Қарорда таъкидланишича, «Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ургут эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари» лавозимини жорий этиш таклифи вилоят ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан таклиф этилган.

Қарорда шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ургут эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарининг котибият мудири лавозими ҳам жорий этилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 4 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинган.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид