Ўзбекистон | 11:35 / 26.03.2021
32660
4 дақиқада ўқилади

Барча турдаги ер участкалари хатловдан ўтказилади. Уларга қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари берилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулк объектлари, жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, ҳозирги вақтда 2,7 миллиондан ортиқ кўчмас мулкларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари мавжуд эмас.

Кўчмас мулк объектлари ҳисобини тўлиқ ва аниқ юритиш, уларнинг электрон хариталари ва маълумотлар базасини шакллантириш, ҳисобга олинмаган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалда фойдаланиб келинаётган ва кадастр ҳужжатларидаги ер участкаларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш ҳамда мулк ҳуқуқлари кафолати ва унинг дахлсизлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар:

  • ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкаларини, жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва бино-иншоотларни хатловдан ўтказади;
  • ер участкалари ҳамда бино ва иншоотлар ўлчами, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотларни Кадастр агентлигининг ягона интеграциялашган ахборот тизимига киритилишини таъминлайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • аҳоли яшаш пунктларининг ерлари тоифасига кирмайдиган ерларда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда, муҳофаза этиладиган ҳудудларда қонунчиликка зид равишда қурилган бино ва иншоотларга қизил ҳисобга олиш карточкалари тайёрланади;
  • ер участкаси, бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган (ер участкаси ва бино ва иншоотга ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган) кўчмас мулк объектларига сариқ ҳисобга олиш карточкаси тайёрланади;
  • жисмоний ва юридик шахслар фойдаланишида бўлган кўчмас мулк объектларига тайёрланадиган қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари бепул асосда амалга оширилади;
  • кўчмас мулк объектларига тайёрланган қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари фақатгина рўйхатдан ўтказувчи органларда ҳисобга олинади;
  • ва маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ушбу кўчмас мулк объектларига солиқ солиш мақсадида фойдаланилади ва кўчмас мулкни олди-сотди қилиш, айирбошлаш, мерос, ҳадя ва бошқа турдаги бегоналаштириш, шунингдек, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланмайди;

б) хатлов натижаси бўйича ер участкаси ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни кўриб чиқиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

  • кўчмас мулк объектларига тайёрланган қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари нусхаси ва уларнинг умумий рўйхати Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан (рўйхатдан ўтказувчи орган) тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этилади;
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари кўчмас мулк объектларига тайёрланган қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари юзасидан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига таклиф киритади;
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари низоли бўлган кўчмас мулк объектларига тайёрланган қизил ва сариқ ҳисобга олиш карточкалари юзасидан кўчмас мулк объектларига ҳуқуқларни эътироф этиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун судларга ариза киритади;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари ёки суд томонидан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади;
  • кўчмас мулк объектларига ҳуқуқ эгалари ва захирадаги ерлар бўйича туман (шаҳар) ҳокимлиги аризасига (буюртмасига) асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан белгиланган тартибда кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади ва ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Мавзуга оид