Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва унда қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилади
Сенаторлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.
Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун билан қуйидаги ер участкалари ҳамда бино ва иншоотларга нисбатан бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш белгиланмоқда:
- фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
- 2018 йил 1 майга қадар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
- “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
- 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари кенгаши томонидан ўз вақтида тасдиқланмаган ер участкаларига;
- фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
- 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
- хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
- фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига.
Қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг шартлари ҳам белгиланган. Хусусан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси бошқа шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаганлиги, ер участкасидан фойдаланишда низо йўқлиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, ширкат аъзоси бўлганлиги, инвестиция ва бошқа мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлиши лозим.
Шунингдек, қонун билан якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўлчамлари аниқ қилиб қўйилмоқда.
Яъни, агар ер участкаси 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан кўп бўлмаган ўлчамда, агар ер участкаси 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан кўп бўлмаган ўлчамда белгиланади.
Агар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси юқорида қайд этилган ҳажмлардан ортиқча бўлган тақдирда, белгиланган ҳажмдаги ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи эътироф этилган ҳолда қолган ортиқча ер участкаси мазкур шахсга деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилиши назарда тутилган.
Қонун билан ҳуқуқларни эътироф эқуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- дастлаб Кадастр агентлиги автоматлаштирилган ахборот тизимига барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;
- ваколатли ташкилотлар (ҳокимлик, қурилиш, экология, сув, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) икки ой муддатда ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга бириктиради;
- автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади, ушбу маълумотлар устидан манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ваколатли ташкилотларга бир ой ичида шикоят қилиши мумкин;
- тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали Адлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан икки ой ичида ўрганиб чиқилади;
- адлия органлари томонидан ижобий хулосага келинган тақдирда фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни йигирма иш куни ичида тўлаш тўғрисида СМС-хабарнома юборилади, тўлов ўз вақтида тўланмаган тақдирда иш тўхтатиб турилади;
- тўлов тўланган тақдирда, электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ижобий хулосалар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда (мажлисда) кўриб чиқиш учун ахборот тизими орқали юборилади, ҳужжатлар кенгашлар томонидан уч ой ичида сессияларда (мажлисларда) муҳокама қилинади. Шундан сўнг, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи кенгаш қарори билан эътироф этилади.
Бунда ижара муддати ер қонунчилигига мувофиқ якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун 99 йил, бошқа ер участкалари учун 49 йил этиб белгиланади.
Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
“Мазкур қонун – халқимиз кутаётган қонунлардан бири. Ҳақиқатдан ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ҳамда уларда қурилган бино-ншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича охирги йилларда эълон қилинган “акция”лар президентимизнинг иродаси билан инсон манфаатлари йўлида амалга ошириб келинмоқда.
Бу борадаги ишларнинг алоҳида, яхлит қонун билан тартибга солиниши сифат ва самарадорликка хизмат қилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва биноларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишда ногиронлиги бўлганларга, кам таъминланганларга енгилликлар назарда тутилгани жуда муҳим. Айни пайтда шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, қонун мазмун-моҳияти, тузилиши ва бошқа хусусиятларига кўра кишидан бир қадар синчковликни талаб қилади. Қолаверса ушбу қонун шаҳар аҳолиси учун ҳам, узоқ туман, қишлоқ, овул аҳолиси учун ҳам бирдек муҳим ва долзарб.
Бу Қонуннинг қабул қилиниши албатта яхши. Лекин, бу одамлар онгида “исталган ерни эгаллаб олиб, иморат солсам бўлаверади, давлат барибир расмийлаштириб бераверади” деган нотўғри қарашни шакллантириб қўймаслиги керак. Бу борада қонун устувор бўлиши ижтимоий онг даражасига чиқиши зарур”, дея таъкидлаб ўтди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024