Ўзбекистон | 15:35 / 09.03.2021
15484
5 дақиқада ўқилади

Парламент эълон қилган тадбирдан журналистлар чиқариб юборилди. Сенат матбуот хизмати бу тадбирга алоқадор эмаслигини билдирди

9 март куни Касаба уюшмалари федерацияси мажлислар залида Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида журналистлар мажлис бошлангандан чамаси бир ярим соат ўтиб тадбирдан чиқариб юборилди.

Фото: Миролим Исажонов / «Дарё»

Тадбирда бўлган журналист Инобат Аҳатованинг Kun.uz’га маълум қилишича, йиғилишга аксарият журналистлар таклиф асосида борган ва дастлабки ҳисобот қисмида қатнашган.

“Журналистлар учун нисбатан зерикарли бўлган ҳисобот қисмида иштирок этдик ва бу жараён бир соатдан ортиқ давом этди. Энди реал муаммолар таҳлилига ўтилиб, савол-жавоблар бошланганида Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов тадбирни тўхтатди ва журналистлар чиқиб кетишини сўради. Биз ҳайрон бўлдик, тадбирда сирли гаплар ҳам бўлмаётганди, мавзу ҳам бугунги кунда муҳим эди. Ташқарига чиққанимиздан кейин матбуот котибидан бундай йўл тутилиши сабабини сўрадик, аммо бирор изоҳ ололмадик”, – деди “Халқ сўзи онлайн” нашри мухбири.

MY5 телеканали мухбири Юлдуз Олимова ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди.

“Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари томонидан 6 март куни белгиланган вазифалар, унинг ижроси, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ахборотлар тингланиши кўзланган эди. 1 750 нафар иштирокчи учун ўтказилаётган видеоселекторда республика махсус комиссияси аъзолари - сенат раиси Танзила Норбоева, президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва федерация раиси Қудратилла Рафиқов иштирок этди. Ҳудудлар кесимида олиб борилаётган ишлар юзасидан одатий ҳисобот маърузалари билан бошланган тадбир эндигина президиумдагиларнинг ғашига тегиб, конкрет жавоблар талаб қилинган бир пайтда, федерация раиси томонидан Фарҳод Маҳмудов орқали ОАВ вакилларининг чиқиб кетиши сўралди.

Энг қизиғи, мажлислар залидан чиққан журналистлар олдига уюшма матбуот хизмати раҳбари келиб, материал эфирга берилиши олдидан уларга кўрсатилиб, рухсат олиш кераклигини уқтирди. Шахсан мен бу таклифга рози эмаслигим ва бор маълумотни халққа холис етказишим, бу жараёнга уларнинг аралашуви нотўғри эканини тушунтиришга киришдим. Шундан сўнг, матбуот котиби тадбир ташкилотчиларидан бири бўлган Сенат ахборот хизмати ходимлари ёнига келиб, MY5, “Севимли”, “Daryo.uz” ва “Халқ сўзи” мухбирларини улар фаолият юритувчи ташкилот раҳбарларига чиқиб, тийиб қўйишларини сўради. Буниси энди жуда ошиб тушди”, – деди тележурналист.

“Daryo.uz” мухбири Миролим Исажонов ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлади ва “Фейсбук”даги саҳифаси орқали Касаба уюшмалари федерацияси катта мажлислар залида Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида журналистлар мажлис бошлангандан чамаси бир ярим соат ўтиб тадбирдан чиқариб юборилгани ҳамда бунга аниқ изоҳ берилмагани ҳақида ёзиб қолдирди.

Бу ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов билан боғландик.

“Мазкур тадбирга Сенат раиси Танзила Норбоева таклиф қилинганди. Биласизки, Сенат раиси иштирокидаги барча тадбирларга ОАВ вакилларини таклиф қиламиз. Чунки парламент фаолияти очиқликни талаб қилади. Т. Норбоеванинг ўзи ҳам тадбирлар ошкора ўтказилиши тарафдори. Шу боис, ўзимиз ташкиллаштирган тадбирларни ҳатто онлайн ёритиб борамиз.

Бугунги ҳолат бўйича ўргандик. Маълум бўлишича, тадбир икки қисмдан иборат бўлган ва биринчи қисмига ОАВ вакиллари таклиф этилган. Фақат бу ерда тушунмовчилик бўлгани сабаби журналистларга режа тўғри етказилмаган.

Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси йиғилишлари ҳали давом этади ва келгусида уларда, албатта, ОАВ вакиллари иштирокини таъминлаб берамиз. Чунки фаолиятимиз ёритилиб, халқимизга тўғри етказилишидан биз ҳам манфаатдормиз. Сенат ўз позициясида доим туради, яъни очиқлик тарафдори. Барча ОАВ вакиллари, блогерларга миннатдорлик билдирамиз”, – деди Сенат Ахборот хизмати раҳбари.

Касаба уюшмалари федерацияси матбуот котиби Муҳаббат Ўрмонбековадан изоҳ олиш учун “Телеграм” орқали саволлар йўлладик. Гарчи хатлар етиб борган ва кўрилган бўлса-да, улар жавобсиз қолди. Телефон орқали боғланишга уриниш ҳам самара бермади.

Мавзуга оид