Гап шундаки, Қонунчилик палатасининг бугунги ялпи мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси 71 та қарши овоз билан рад этилди.

Иқтисодий ислоҳотларни устувор қўядиган ЎзЛиДеПчиларнинг тадбиркорлар манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аҳолининг ижтимоий қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи ХДП вакилларига, иқтисодий масалаларга сўл қараш нуқтаи назари билан ёндашадиган, турли соҳаларда давлат назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайдиган Адолатчиларга тўғри келмади. Экология мафкураси ва ғояларини илгари сурувчи Экопартия фракцияси ҳам бу сафар социал-демократчиларни қўллаб-қувватлади.
Ялпи мажлисда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан дастлаб ташаббускор депутатлар вакили Абдуманноп Бўриевнинг маърузаси эшитилди.

Мажлисда сўз олган, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ф. Шарипов ишчи-ходимларни ҳар томонлама кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ХДП партиясининг ўз олдига қўйилган устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, Меҳнат кодексининг 164-моддасига таклиф этилаётган ўзгартириш ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эмасми? Бу эртага тадбиркорлар томонидан хоҳлаган ходимини ишдан бўшатишга олиб келмайдими, деган савол билан юзланди.
Абдуманноп Бўриев ҳамкасбининг юқоридаги саволига касаба уюшмаси 10 кун ичида хабарномага эътироз билдирса, меҳнат шартномаси бекор қилинмаслиги, ушбу ўзгартиришдан кўзланаётган мақсад, кичик бизнес субъектлари бўлган иш берувчилар томонидан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда айрим бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, дея тушунтириш берди.
ХДП фракциясининг яна бир аъзоси Шокиржон Аҳмедов ҳам фракциядошининг муносабатини қўллаб-қувватлаб, қонун лойиҳасини қайтариш таклифини билдирди.

“Адолат” фракцияси аъзоси Бекзод Тўхтамуродов қонун лойиҳасидаги ўзгартиришларда тадбиркорларга кўпроқ ён босилаётгани, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига юклатилган асосий ижтимоий мажбуриятларнинг бекор қилинишини фракция нотўғри, деб ҳисоблашини қайд этиб, қонун лойиҳасини бу шаклда маъқулламаслигини билдирди.
Яна бир адолатчи депутат Шуҳрат Якубов ташаббускорлар томонидан қонун лойиҳасига киритилаётган олти ойдан ортиқ узлуксиз тўлиқ меҳнатга лаёқатсиз ҳолати ҳам ишдан бўшатишга сабаб бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ нормага жиддий эътироз билдирди.

















