Ўзбекистон | 21:39 / 03.05.2020
33336
2 дақиқада ўқилади

Сардоба талафотидан жабр кўрган аҳоли учун дастлаб 100 миллиард сўм ажратилди

Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиб, Сардоба туманидаги Юртдош, Дўстлик ва Қўрғонтепа МФЙлари, Мирзаобод туманидаги Саховат, Аҳиллик ва Шодлик МФЙлари ҳамда Оқолтин туманидаги Дўнгариқ, Мирзачўл, Ҳақиқат ва Навбаҳор, жами 10 та МФЙларидаги аҳоли пунктларида турар ва нотурар мулклар, ижтимоий соҳа объектлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий талафот етди.

Фото: @Tashkent_SkyNews

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 1 майдаги Фармойишига асосан ташкил этилган ҳукумат комиссияси барча йўналишда талафот кўлами ва қийматини аниқламоқда. Хусусан аҳолининг зарар етган уй-жойлари ва нотурар бинолари миқдори аниқлаштирилмоқда ҳамда якуни бўйича баҳоланади. 

«Фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, жумладан ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилади. Бу тадбирларга республика бюджетидан дастлабки 100 млрд.сўм ажратилди», – дейди Ортиқов.

Қайд этилишича, аҳоли талабидан келиб чиқиб Қурилиш вазирлиги томонидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун ер участкаларини танлаш ва  лойиҳа-смета ишлари бошланган. 

«Замонавий аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа (боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа муассасалар) ва бозор (минимаркет, новвойхона, тикувчилик цехи, кимёвий тозалаш, ҳаммом, автотранспорт воситаларга сервис кўрсатиш ва бошқалар)  инфратузилмаси тўлиқ яратилади», – дея қўшимча қилган вазир ўринбосари. 

Бундан ташқари, мазкур янги аҳоли пунктларида муҳандислик-транспорт коммуникациялари барпо этилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, табиий офатдан жабр кўрган сирдарёликларга ёрдам бериш учун вилоят бюджетидан 5 миллиард сўм ажратилган.

Мавзуга оид