Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NYT Мужтаба яраланганини хабар қилди. Эрондагилар рад этди
Манбалар у сайланганидан буён омма қаршисига чиқмаётгани ва ҳеч қандай баёнот бермаётгани ҳам шу билан боғлашмоқда.
Фото: Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA
Эроннинг янги диний раҳнамоси Мужтаба Хоминаий урушнинг биринчи кунидаёқ оёғидан яраланган ва у сайланганидан буён омма қаршисига чиқмаётгани ва ҳеч қандай баёнот бермаётгани ҳам шу билан боғлиқ, дея ёзди The New York Times Эрондаги уч манбасига асосланиб.
NYT суҳбатдошларига кўра, Хоминаий ярадорлиги ҳақида уларга «ҳукуматдаги анча юқори лавозимли шахс» маълум қилган. Шу билан бирга, Эроннинг янги раҳбари ҳушидалиги ва алоқа воситалари ишлатилмайдиган, алоҳида қўриқланадиган жойда яширингани қайд этилган.
Исроилдагилар ҳам Мужтаба Хоминаий 28 феврал кунги ҳужумлар оқибатида яраланган, деган хулосага келган.
Газетанинг қайд этишича, номи давлат телевидениеси ва Irna давлат агентлигида қандай тилга олингани ҳам янги олий раҳбар яраланганини билвосита тасдиқловчи далиллардан бири бўлмоқда – сайлангани ҳақидаги хабарларда Хоминаийни «ярадор уруш фахрийси» деб аташган. Бундан ташқари, нуфузли давлат диний хайрия ташкилоти бўлган Имдод қўмитасининг табрик баёнотида ҳам Хоминаийга нисбатан урушда яраланган фахрийни англатувчи форсча атамани қўллашган.
Эрондагилар эса Хоминаий яраланганини рад этмоқда. Хусусан, ислом республикаси президенти Юсуф Пизишкиён янги диний раҳнамо соғ эканини айтган. «Мен жаноб Мужтаба яралангани ҳақидаги хабарларни эшитдим. У билан алоқада бўлган дўстлардан сўрадим. Улар айтишдики, у Худонинг марҳамати билан соғ-саломат, ҳеч қандай муаммо йўқ», – дея ёзган у 10 март куни ўз телеграм-каналида.
Мужтаба Хоминаий яралангани ҳақида 7 март куни Исроилдаги «12 канал» нашри ҳам ўз манбасига таяниб хабар тарқатганди. Ўша вақтда Мужтаба Хоминаийни 28 феврал куни ўлдирилган Али Хоминаий ўрнига Эроннинг янги диний раҳнамоси бўлиш учун асосий даъвогар деб аташаётганди.
8 март куни Эрон расмий нашрлари янги диний раҳнамо сайланганини эълон қилишди. Бу кутилганидек марҳум раҳбарнинг иккинчи ўғли, 56 ёшли Мужтаба Хоминаий бўлиб чиқди. Шу куни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эроннинг янги олий раҳбарига қасамёд қилди.