Жаҳон | 20:57 / 23.08.2024
11971
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонда 6 миллион долларга мадраса қуради

Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги «Хойрул-мударрис Имом Бухорий» мадрасаси қурилишини молиялаштиради.

Фото: pajhwok.com

TOLOnews хабарига кўра, 21 август куни қурилишнинг бошланиши маросимида Балх вилояти губернатори ўринбосари Нурул-Ходий Абу Идрис ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош консули Фарҳод Назаров иштирок этган.

Мадраса 0,6 гектар майдонда жойлашади, 1000 нафар талабага диний таълим беради. Унинг қурилиши Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов ва «Толибон» етакчилари ўртасида жорий йилнинг 12-13 март кунлари бўлиб ўтган музокаралар доирасида келишиб олинган эди.

«Бу диний мактаб Балх ҳокимининг илтимосига биноан қурилмоқда. Биз бу лойиҳага бир йил вақт ажратдик, шу вақтгача у тугалланади», деди Назаров. Бош консулнинг маълум қилишича, мадраса қурилишига 6 миллион доллар сарфланади.

«Худо хоҳласа, ушбу мадрасанинг ташкил этилиши Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди», деди Балх вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Абдужалил Шаҳидхил.

Бош консул, шунингдек, Ўзбекистон тез орада Афғонистон фуқаролари учун таълим ва бизнес визаларини беришни қайтадан бошлашини қўшимча қилди.

Мавзуга оид