Жаҳон | 18:41 / 15.11.2025
11066
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Башар Асаднинг маҳбусларни қийноққа солган генерали Моссад агенти бўлган

Сурияда режим мухолифларини шафқатсиз тарзда азоблашда айбланиб Австрияда судланаётган генерал Холид ал-Ҳалабий, прокурорлар даъвосига кўра, бир вақтнинг ўзида Исроил разведкасига ҳам хизмат қилган. У Суриядан қочиб кетгач, Моссаднинг қўллови билан ўн йилдан ортиқ вақт давомида Европада яшаб келган.

Суриялик собиқ генерал Холид ал-Ҳалабий Башар Ассад ҳукмронлиги даврида содир этилган жиноятлар учун Австрияда судланмоқда. Бу ҳақда New York Times хабар берди.

Ал-Ҳалабий 2013 йилгача Сурия хавфсизлик тузилмаларида ишлаган. Хусусан, Раққадаги Сурия Бош разведка бошқармасининг 335-бўлимини бошқарган.

Асад режими қурбонлари ушбу генерални “2011-2013 йиллар давомида режим мухолифларини қийноққа солишни буюрган ва бу қийноқларда шахсан ўзи иштирок этган шафқатсиз садист” деб таърифлайди.

Раққа шаҳридаги ҳибсхона камерасидаги қийноққа солиш механизми. 2013 йил, апрел / Фото: Bryan Denton

Австрия прокурорларига кўра, у фаолияти давомида иккиёқлама агент сифатида ҳам Сурия махсус хизматлари, ҳам Исроил разведка идораси Моссадга ишлаган. 2013 йилда Суриядан қочиб, Моссад ёрдамида Парижга келган. Шундан кейин Исроил томонининг сўровига асосан, Австрия разведкаси кўмагида Венага кўчиб ўтган.

Холид ал-Халабий ўн йилдан ортиқ вақт давомида Европада яшаб, шу вақтда уруш жиноятлари бўйича таъқибдан қочиб юрган. Бунга кўмаклашгани учун 2023 йилда Австрия махсус хизматларининг беш нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Собиқ генерал 2024 йил декабр ойида Австрияда қўлга олинган. Мустақил терговчиларга уни топишга ёрдам берган далиллардан бири – унинг ижтимоий тармоқларга жойлаштирган фотосурати бўлган. Суратда у Будапештдаги кўприкда экани кўринган.

Маълумот учун, бир неча йил олдин исроилликлар Суриянинг юқори мартабали разведка ходимини ёллашга муваффақ бўлганликлари ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунга кўра, эндиликда ўша хабарларда айтилган шахс Ал-Ҳалабий бўлгани тахмин қилинмоқда.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид