Зангиотадаги боғча раҳбарлари салкам 1 миллиард сўмни талон-торож қилишда айбланмоқда
Айбловга кўра, боғча мудираси ва бошқалар 6 йил ичида аслида у ерда ишламайдиган 37 кишига маош ҳисоблаб юрган, шулардан 4 нафари – мудиранинг яқин қариндоши.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Зангиота туман бўлими ва Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари тумандаги 16-сонли боғчада текшириш ўтказди. Бу ҳақда ҳар икки идора матбуот хизмати хабар қилди.
Текширувда аниқланишича, МТТ мудираси ва бошқалар 2014–2020 йиллар давомида аслида боғчада ишламайдиган 37 кишини ишга қабул қилиб, ҳужжатларни қалбакилаштирган ва 983,5 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилган.
37 кишидан 4 нафари мудиранинг яқин қариндоши экани айтилмоқда.
Боғча мудираси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Боғчалардаги «ўлик жонлар»
МТВнинг Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов 2020 йил ноябрида Kun.uz'га берган интервьюсида тизимдаги энг катта муаммолардан бири дея МТТлардаги «ўлик жонлар»ни айтган эди.
«Ўлик жонлар» – мактабгача таълим ташкилотига турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин аслида ташкилотда ишламайдиган ходимлар. Бу йўл билан боғча мудираси «ўлик жон» ходимларга ёзилган иш ҳақларини ноқонуний ўзлаштиради, ишламайдиган «ўлик жон» ходимлар эса ноқонуний меҳнат стажига эга бўлади.
Аудит текширувларида 2019 йилда 750 нафар, 2020 йилда 446 нафар «ўлик жон» аниқланди ва тўпланган ҳужжатлар якуний суриштирув ишларини олиб бориш учун прокуратура органларига топширилган.
«Ўлик жонлар» болаларнинг таълим-тарбия олишига ва уларнинг МТТда тарбияланиши сифатига салбий таъсир этиб келмоқда. Масалан, мусиқа раҳбари «ўлик жон» бўлса, демак, болалар мусиқадан билим ололмайди. Ҳовли супурувчи ишламаса, ўрнига бошқа ходимлар ўз вазифасини ташлаб, ҳовли супуришга мажбурланади. Бу – ходим ўзининг вазифасини бажаришига салбий таъсир кўрсатади», – деганди Дилшод Норматов.
Мавзуга оид
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
13:23 / 15.10.2024
“Менинг боғчам” лойиҳасида овоз бериш жараёни бошланди
11:50 / 01.10.2024
Менежерлик сертификатига эга боғча мудираларига устама тўланади
10:20 / 24.09.2024