15 октябр соат 10:00 да “Очиқ бюджет” порталида “Менинг боғчам” лойиҳасида овоз бериш жараёни бошланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, 2025 йилги давлат инвестиция дастури асосида янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг 50 фоизи овоз бериш орқали жамоатчилик томонидан танланади.
Ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги белгилаган рўйхат асосида республика бўйича 451 та боғча овозга қўйилган. Ажратилган бюджет – 397,6 млрд сўм.
Овоз бериш жараёни 25 октябр 10:00 гача давом этади. Худди “Ташаббусли бюджет” каби “Менинг боғчам”да ҳам “бир фуқаро – бир овоз” тамойилига амал қилинади.
Лойиҳаларга уч хил йўл билан овоз бериш мумкин:
- opedbudget.uz порталининг веб-сайти орқали;
- порталнинг мобил иловаси орқали (Android, iOS);
- Telegram'даги расмий бот орқали.
2025 йилда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган объектларга аниқлик киритиш овоз бериш жараёни якунларига кўра, қуйидаги кетма-кетлик бўйича амалга оширилади:
- ҳар бир туман ва шаҳарларда энг кўп овоз тўплаган биттадан лойиҳаларга аниқлик киритилади;
- тўпланган овозлар сонидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарлардаги энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар юқоридан пастга сараланади;
- ҳар бир ҳудуд бўйича (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ажратилган лимит доирасида энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар танлаб олинади.

















