Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
Ўзбекистонда ёшларнинг наркоманияга ружу қўйиши бўйича энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилмоқда. Пойтахтда, шунингдек, ўқувчилар орасида синтетик наркотиклар истеъмоли қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб боряпти.
Ўзбекистонда ёшларнинг гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйиши ва истеъмоли бўйича энг кўп ҳолатлар қайд этилаётган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб турибди. Бу ҳақда 15 ноябр куни Тошкентда ўтказилган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро тадбирдан сўнг журналистларга интервю берган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.
Ҳозирда Тошкент шаҳрида расмий статистика бўйича 18−30 ёш оралиғидаги 473 минг нафар йигит-қиз бўлса, уларнинг 6 минг нафари оғир тоифадаги ёшлар ҳисобланади. Дурдона Раҳимованинг қайд этишича, шу 6 минг кишининг 373 нафари гиёҳвандлик воситаларига сурункали равишда ружу қўйган ва психотроп моддаларни истеъмол қилади.
Дурдона Раҳимованинг сўзларига кўра, Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб боряпти.
«Афсуски, психотроп моддаларни истеъмол қилаётган мактаб ўқувчилари ҳам бор, буни инкор қилиб бўлмайди. Бу муаммонинг ижтимоий хавфини ҳисобга олиб, уни аниқлашдан қочмаслик керак, деб ўйлайман. Шу мақсадда мактабларда турли рейдлар ўтказиляпти, 10-, 11-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тадбирлар олиб бориляпти. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабалар ўртасида ҳам бундай ҳолатларни аниқлаш ишлари йўлга қўйилган», — деди у.
Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, ётоқхоналарда яшайдиган талабаларга нисбатан эътиборни кучайтириш, уларнинг кечки пайт ётоқхонага ўз вақтида келиши ва дарсини қилиши устидан доимий назоратни йўлга қўйиш бўйича профилактик тадбирлар ҳам олиб бориляпти.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари Равшан Маматов Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда ёшлар орасида «дорихона наркоманияси» ташвишланарли даражада кенг тарқалаётганини таъкидлаган эди.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024