Жаҳон | 20:23 / 12.10.2025
7398
3 дақиқада ўқилади

Мадагаскарда ҳарбий тўнтаришга уриниш амалга оширилди

Мамлакатда сентябр охирида норозилик намойишлари бошланганди. Сўнгги кунларда кўплаб ҳарбийлар намойишчиларга қўшилган.

Мадагаскар президенти Андри Радзуэлина маъмурияти мамлакатда ҳокимиятни ноқонуний ва конституцияга зид равишда эгаллаб олишга уриниш бўлаётганини маълум қилди.

Бир неча соат ўтгач, CAPSAT (кадрлар ва маъмурий-техник хизматлар армия корпуси) деб номланган армия бўлинмаси ҳарбий қўмондонликни ўз қўлига олганини ва энди барча қуролли кучлар – қуруқлик, ҳаво ва денгиз кучларини назорат қилишини маълум қилди.

Қизиғи шундаки, худди шу бўлинма 2009 йилда Мадагаскардаги сиёсий инқирозда ҳал қилувчи рол ўйнаган, натижада Радзуэлина ҳокимият тепасига келганди.

Мадагаскарда дастлабки норозилик намойишлари 25 сентябр куни бошланганди: дастлаб аҳоли сув ва электр таъминотидаги узилишларга қарши норозилик билдирган бўлса, кейинчалик намойишлар ишсизликнинг юқори даражаси, коррупция ва яшаш нархининг ошиши туфайли Радзуэлина ҳукуматидан норозиликка айланди.

Шанба куни баъзи аскарлар пойтахт Антананариву чеккасидаги казармаларини тарк этиб, шаҳар мэрияси олдида намойишчиларга қўшилишди.

CAPSAT яқинда Антананаривудаги норозилик намойишларини тарқатишда хавфсизлик кучлари томонидан куч ишлатилганини қоралади.

Шанба куни президент маъмурияти баёнотида Радзуэлина ва янги бош вазир Руфин Зафисамбо (ўтган ҳафта у томонидан тайинланган армия генерали) вазиятни назорат қилаётганига ишонтирилди.

БМТ маълумотларига кўра, намойишлар бошланганидан бери 22 киши ҳалок бўлган. Мадагаскар президенти бу рақамларни «хато» деб атади – унинг сўзларига кўра, 12 киши ҳалок бўлган, уларни «мародёрлар ва безорилар» бўлган.
LUIS TATO/AFP via Getty Images

Радзуэлинанинг якшанба куни эълон қилинган баёнотида «ҳозирда республика ҳудудида ҳокимиятни эгаллашга уриниш амалга оширилаётгани, бу эса Конституция ва демократик тамойилларга мутлақо зидлиги» айтилган.

У «мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш»ни кескин қоралади ва мамлакатнинг барча асосий кучларини конституциявий тартиб ва миллий суверенитетни ҳимоя қилиш учун бирлашишга чақирди.

CAPSAT фейсбукда эълон қилган баёнотида генерал Демосфен Пикулас янги штаб бошлиғи этиб тайинланганини маълум қилди.

Якшанба куни эрталаб жандармерия ходимлари CAPSAT лагерига музокаралар ўтказиш учун ташриф буюрганидан кейин отишма содир бўлгани ҳақида хабарлар чиққан. Ҳозирча тафсилотлар йўқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид