Ўзбекистон | 12:23 / 27.05.2019
2911
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бахшичиликка ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республика Бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4320-сон қарори билан Республика Бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатини ташкил этиш белгиланган.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

маданият муассасаларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 10 фоизи (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхоналарига 1 фоизи ва электрон савдо майдончаси операторига тўланадиган тўловдан ташқари);

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва унинг бўйсунувидаги ташкилотларнинг вазир томонидан белгиланадиган миқдордаги ажратмалари;

давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишдан олинадиган даромадларнинг 10 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига бюджетдан ташқари тушадиган йиллик тушумларнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари);

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Миллий санъатимиз ва маданиятимизнинг қадимий маънавий меросини сақлаб қолиш, бахшичилик йўналиши бўйича ёшларнинг ижодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқариш, бахшичилик соҳаси бўйича малакали бахшилар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Термиз шаҳридаги 21-сон бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернати ташкил этилади.

Қуйидагилар Мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

бахшичилик санъати бўйича билим ва тушунчалар, тарихий ва миллий анъаналар, инновация технологияларини, давлат талаблари асосида билим ва кўникмаларини пухта эгаллаган ёш кадрлар тайёрлаш;

тайёрланаётган ёш кадрларга юқори сифатли билим ва кўникмалар бериш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг мактаб-интернати учун 150 ўринли ётоқхона ва ошхона, 200 ўринли концерт зали 8 та якка дарс хоналарини ўз ичига қамраб олган ўқув корпуси қуриш бўйича таклифига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Мактаб-интернатга 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, ўқувчиларни қабул қилиш;

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бахшичилик ва достончилик таълими йўналиши бўйича алоҳида қабул квоталари шакллантирилишини назарда тутади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари бўлинмалари ҳузурида бахшичилик санъати давлат ансамблларини, қолган ҳудудларда вилоят ансамблларини маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирган ҳолда ташкил этади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид