Жамият | 20:36 / 22.04.2026
12448
1 дақиқада ўқилади

Юқори Чирчиқда ўқувчи қизга шилқимлик қилган мактаб директори 5 суткага қамалди

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги мактаблардан бирининг директори ўқувчи қизга SMS жўнатиб, шаҳвоний шилқимлик қилган. Директор судда ўқувчини тарбиялаш учун шундай қилганини айтди.

Юқори Чирчиқ туманида мактаб директори ўқувчи қизга шилқимлик қилгани учун маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, 39 ёшли Ж.И. тумандаги мактаблардан бирида директор лавозимида ишлайди. У 16 ва 17 апрел кунлари Telegram орқали вояга етмаган ўқувчи қизга шаҳвоний хусусиятга эга бўлган Sms хабарлари жўнатган.

Директор судда айбига иқрор бўлган. У хабарларни ўқувчини тарбиялаш мақсадида ёзганини айтган ҳамда пушаймонлик билдирган. Ўқувчининг қонуний вакили эса директор ўз лавозимига лойиқ эмаслигини айтиб, унга оғирроқ жазо қўллашни сўраган. 

ЖИБ Юқори Чирчиқ туман судининг қарори билан Ж.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ Тошкентдаги меҳмонхонада ҳамкасбига шилқимлик қилган банк ходими 5 суткага қамалганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид