Жамият | 18:18 / 29.07.2020
5978
2 дақиқада ўқилади

Жондордаги электр станциясида ёнғин содир бўлди. Туманнинг аксар қисми электрсиз қолган

Бухоро вилоятининг Жондор туманида жойлашган электр тарқатиш станциясида содир бўлган ёнғин туфайли тумандаги аҳоли пунктлари электр тармоғидан узилган.

Фото: Бухоро вилояти хокимлиги

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра ёнғин бугун, 29 июль куни эрталаб содир бўлган. Ёнғин хавфсизлиги отрядлари офатни бартараф этишган.

Бухоро вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, 29 июль куни соат 09:50да Жондор тумани фавқулодда фазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига ёнғин ҳақида хабар келиб тушган. Хабарда «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖга қарашли 110-35-10 квли Жондор подстанциясида ёнғин бўлаётгани айтилган. 

Белгиланган манзилга 5та ёнғин қутқарув автоэкипажлари жалб этилган. Ёнғин оқибатида 1 дона 10 000 квли трансформаторнинг ички қисмидаги электр симлари ва 15 тонна мой ёнган.

Ёнғин содир бўлган манзилга 3 км. масофадан соат 10:00да ёнғин қутқарув бўлинмалари етиб бориб, 10:25да аланга ўраб олинган ва 11:30да батамом ўчирилган. Ёнғин сабаб фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг аниқлик киритишича, ёнғин оқибатида тумандаги 52та маҳалланинг 50тасида электр таъминоти узилган.

Мавзуга оид