Мақоладан сўнг: «Зулфия» танлови низомига жиддий ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда
Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш тартибига жиддий ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.
Аввалроқ, Kun.uz сайтида «Эътирозлар ва яна эътирозлар: «Зулфия» танловига очиқлик принципи бегонами?» номли мақола эълон қилинган эди. Унда танловнинг ўтказилишидаги адолат ва очиқлик принципи, мукофотга сазовор бўлаётганларнинг чиндан ҳам унга лойиқлиги, лауреатларга берилаётган имтиёзлар масаласи атрофидаги эътирозлар ва таклифлар баён қилинган эди.
Йиғилишда комиссия аъзолари томонидан мазкур мақолада билдирилган эътирозлар ва таклифлар ўрганилиб, асослилик нуқтаи назаридан муҳокама этилди.
«Танловнинг ўтказилиш тартиби халқда норозиликларни келтириб чиқаряптими,чиндан ҳам орденни қўлга киритгандан кейин лауреатларни йўқотиб қўйяпмизми, демак, мукофот учун номзодларни саралаш тартибини жиддий асосда кўриб чиқишимиз лозим» , – дейди йиғилишда иштирок этган Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.
«Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритишдан асосий мақсад олий ўқув юртига имтиҳонсиз, давлат бюджети асосида ўқишга қабул қилиш имтиёзи бўлиб қолмоқда. Танловнинг мотивациясини кўриб чиқишимиз керак» , – дея таъкидлади танлов комиссияси аъзоси, сенатор Иқбол Мирзо.
Комиссия йиғилишида мукофотга номзодлар учун белгиланган ёш кўрсаткичини йўналишидан келиб чиққан ҳолда қайта белгилаш, уларни танлаб олишнинг конкрет мезонларини ишлаб чиқиш, номзоддан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартириш, танловнинг ўтказилиш жараёнининг очиқ тарзда олиб бориш, ғолибларга бериладиган имтиёз ва совғаларни қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар низомда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти тўғрисида Низом 1999 йилда Президент Фармони билан тасдиқланган бўлиб, унга кўра, бу мукофот таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга сўнгги икки йилдаги фаолияти ва ютуқларни инобатга олган ҳолда берилади.
Мукофотга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан талабгор лойиқ кўрилади. Номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Мукофотни беришга доир таклифлар тўғрисидаги қарор комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирокида, яширин овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Президент Администрациясига тақдим этилади.
Мавзуга оид
20:33 / 04.03.2024
Президент «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади
19:45 / 07.02.2024
Ахборот технологиялари йўналишида ютуқларга эришган хотин-қизлар тақдирланади
21:04 / 06.03.2023
Президент бир қанча ўқувчи ва талабаларни Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлади
18:52 / 14.05.2022