Жамият | 21:13 / 30.11.2020
20314
7 дақиқада ўқилади

Тугаган аукцион қайта давом этади — аввалги ғолиб ютишдан умидини узган. Бунақаси биринчи марта бўляпти

Kun.uz сайтида онлайн аукцион савдолари ҳақида кўп ёзилган. Шахсан ўзим бу борада кўплаб мурожаатларни ўрганганман ва у ерда ҳаммаси ҳам силлиқ ва шаффоф ўтмаслигига гувоҳ бўлганман.

Мурожаатга ўтишдан олдин қисқача «ликбез»: онлайн аукционда қатнашиб, мулкни ютиб олганингиз, унга тўлиқ пул тўлаганингиз, сизни бу мулкка ҳеч қандай эътирозларсиз тўлиқ эгалик қилишингизни англатмайди. Айниқса ўша мулк ижро ҳужжатлари асосида аукционга чиқарилган бўлса! Кўпинча, аукцион орқали мулк харид қилиб, одам ўзига қўшимча бошоғриқ ҳам «сотиб» олиши мумкинлиги тўғрисида тинимсиз огоҳлантириб келаман.

Тўғрисини айтиш керак, бундай мурожаатларда онлайн аукционни уюштираётган ва у ташкиллаштирилаётган платформага эътироз бўлмас эди. Эътироз кўпинча аукционга мулкни чиқарганлар ва ундан кейинги хатти-ҳаракатларга нисбатан бўлади.

Кейинги вақтларда давлат активларини онлайн аукцион орқали сотиш ҳам кўпайиб қолди. Ўз-ўзидан, бу масалада ҳам мурожаатлар пайдо бўлмоқда. Ана шундай мурожаатчилардан бири самарқандлик тадбиркор Дамир Камиловдан бўлади. Бошқа мурожаатлардан фарқли ўлароқ, унинг эътирози айнан онлайн аукционнинг техник ташкиллаштирилиши масаласида.

Ҳикоя қилишича, у шу йил 18 ноябр куни онлайн аукционда қатнашган. Унда Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан 0285804 лот билан 556 гектар майдонга эга Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги «Гулдара», 0285805 лот билан 1863 гектар майдонга эга Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Вуари» кўмир қазилма бойлигига эга ер қаъри участкалари сотувга чиқарилган.

Аукцион олдидан ҳар иккала участканинг бошланғич нархи 11 млн 150 минг сўм, унда қатнашиш учун закалат пули миқдори эса 557 минг 500 сўм қилиб белгиланган.

Хуллас, Д.Камиловга тегишли «GOLDSHARQ» МЧЖ «Гулдара» кони учун савдода 1 млрд 862 миллион 50 минг сўм билан аукционда ғолиб бўлади. Бу ҳақда ғолибнинг электрон почтасига хат келган.

«Вуари» кони учун ўтказилган аукционда «SNUG HOUSE» МЧЖ 17 миллиард 535 миллион 605 минг сўм билан ғолиб чиқади. Бироқ у 10 кун ичида пулни тўламаган тақдирда ғолибдан аввал пул таклиф қилган шахс сифатида таклиф «GOLDSHARQ» МЧЖга берилиши ҳақида ҳам хат келган.

Аммо, Д.Камилов ғолиблик сертификатини олиш учун ҳаракатни бошлаганида, аукцион якунланмагани, 1 декабр куни тўхтаган жойидан давом эттирилиши ҳақида аввал телефон орқали огоҳлантирилади сўнгра бу борада почтасига ҳам хабар жўнатилади.

Норози бўлаётган мурожаатчининг фикрича, тугаб бўлган аукционнинг яна қайта давом эттирилиши унда ғолиб бўлиш учун имконият қолдирмайди. «Яна бирор техник носозлик юз беради, биз таклиф қилган пул ўтмай қолади, яна бирор нарса ўйлаб топишлари мумкин», деди у. Қолаверса, у «ютдим», дея аллақачон конни ўзлаштириш учун хитойлик ҳамкорлари билан музокараларни бошлаган экан. Энди чинликлар ҳам «иягини қашлаб» қолишибди.

Умуман, пайдо бўлган мазкур вазият юзасидан бир неча савол юзага қалқмоқда.

1. Тугаган аукцион нега яна қайтадан давом эттириладиган бўлди?

2. Аукционлар мана шу тарзда, тугаганидан сўнг яна давом эттириладиган бўлса — худди футболдаги ғирромларда бўлгани каби «керакли» жамоа гол уриб олмагунча ўйинга ҳуштак чалинмаганидек — унга ишонч қоладими?

3. Нега истиқболли кўмир конларининг бошланғич нархи бу қадар паст белгиланган. Бунинг ортидан аукционда қатнашиш ҳуқуқини берадиган закалат пули 557,5 минг сўмни истаган одам тўлаб, аукционни «ўйин» қилиб, унинг нархини триллион сўмларгача шишириши мумкин-ку?

Биз пайдо бўлган вазият юзасидан изоҳ олиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази Ер участкалари аукционларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Морисжон Турдиев билан боғландик.

«Аввало, шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, аукцион натижалари бекор қилинган эмас, у давом эттириладиган бўлди. Аукцион иштирокчиларининг аризасига кўра. Чунки бу участка уларнинг фикрича жуда арзонга сотилган, уларда аукционда тўлақонли иштирок этишнинг техник имконияти бўлмаган ва улар ариза билан мурожаат қилишган. Давлат активларини бошқариш агентлигининг топшириғига асосан, вақтинчалик тартибга кўра аукцион давом эттириладиган бўлди», деди у биз билан суҳбатда.

Демак, аукцион натижалари бекор қилинади ва у тўхтаган жойидан давом эттирилади. Савдолар сўнгги белгиланган нархлар — 1 млрд 862 миллион сўм ҳамда 17 миллиард 535 миллион 605 минг сўмдан бошлаб давом эттирилади.

Аукционда қатнашиш учун аризалар қабул қилиш 16 ноябрда якунланган. Янги иштирокчиларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Морисжон Турдиев аукционлар ўтказиш тарихида бундай ҳол, яъни тугатилган аукцион яна қайта давом эттирилиши илк марта рўй бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Аукционга бундай объектларнинг бошланғич нархи жуда арзон чиқарилгани, унда қатнашиш учун закалат пули арзимаган миқдорда бўлаётгани, ўша арзимаган закалат пулига куйиб қолишига кўз юма оладиган исталган одам аукционда қатнашиб, сотилаётган объектнинг баҳосини реал нархлардан 5-6 карра осмонга чиқариб юбориши имконияти борлиги ҳақидаги саволга М.Турдиев жавоб берди.

«Чинданам бундай имконият бор. Шунинг учун бундай объектларнинг бошланғич баҳосини кейинги аукционларда юқорироқ белгилаш бўйича тегишли органларга, жумладан, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига таклиф хати чиқарилган. Стратегик ер қаъри участкаларининг нарх-навосини белгилаш механизмини қайта кўриб чиқишни таклиф қилганмиз. Токи закалат пули ҳам юқорироқ бўлсин. Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамасига бу ҳақда ахборотлар берилган», деди Морисжон Турдиев.

Англашилмоқдаки, савдолари тугаган ҳамда 1,86 млрд ва 17,53 млрд сўмга сотилган кўмир конлари аслида бундан ҳам юқорироқ баҳога сотилиши мумкин. Бу кўрсатилган баҳолардан ҳам юқорироқ нарх таклиф эта оладиганлар бор. Лекин улар бор йўғи 557,5 минг сўмни йўқотиш билан риск қилаётганини ўйласанг, бу ерда ҳалол бўлмаган нималардир содир бўлаётгани ҳақидаги гумонга бораверар экансан...

Бу соҳани шаффоф ва ҳалол қилиш учун ҳали кўп қовун пишиғи борга ўхшаяпти.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид