Дунё турли ғаройиботларга тўла. Ана шундай ғаройиб ишлардан бири тасодифан АҚШнинг Пенсилвания штатида жойлашган Сентрейлия шаҳрида содир бўлган.

Бундан 61 йил аввал, 1962 йилда мазкур шаҳар кенгаши беш нафар кўнгилли ўт ўчирувчиларга шаҳар четидаги чиқиндихонани тозалашни топширади. Ўт ўчирувчилар осон йўлни танлашади ва чиқиндихонани ёқиб юборишади.

Ўша пайтда улар бу ишлари келажакда Сентрейлияда яшовчиларнинг ҳаётига хавф туғдириши ва одамлар кўчиб кетиб, шаҳар вайронага айланиши ҳақида ўйлашмаган ҳам.

Ўша пайтда ўт ўчирувчилар Сентрейлия атрофида кўмир борлигини билишар, бироқ кон шаҳар остигача чўзилиб кетганини билишмасди. Тез орада чиқиндихонада ёқилган олов шаҳар остида жойлашган кўмир қатламига ўтади ва у ёна бошлайди.

Сентрейлия бўйлаб кўмир тутуни тарқай бошлаганда одамлар уни шаҳар четидаги чиқиндихонадан келяпти деб ўйлашади. Улар шаҳар ости ҳам ёна бошлаганини билишмайди.

Орадан қарийб 20 йил ўтгандан сўнг шаҳардаги ёқилғи қуйиш шохобчаси эгаси тасодиф туфайли ер ости ёнаётганини сезиб қолади. Шундан сўнг бу ернинг аҳолиси ёппасига кўчиб кета бошлайди ва шаҳар ҳувиллаб қолади.

Шу тариқа шаҳар вайронага айланади. Ҳозирда Сентрейлиянинг жуда кўп жойларида ер ёрилган ёки чўккан. Ўша жойлардан доимий тутун чиқиб туради ва шаҳарда саноқли одам қолганини айтмаганда ҳеч ким яшамайди.

Сентрейлия шаҳри кўчаларидан бири 1980-йилларда ва ҳозир
www.documentingreality.com

Шаҳар тарихи

1841 йилда Сентрейлия шаҳри жойлашган ҳудуд атрофида илк кўмир конлари топилган. Кўп ўтмай ишчиларга қатнаб ишлаш машаққат туғдиргани учун бу ерда аҳоли пункти тиклашга қарор қилинган.

1854 йилда Александр В. Риа ва Locust Mountain Coal and Iron Company компанияси муҳандиси келиб, янгитдан қуриладиган аҳоли масканининг режасини чиза бошлайди.

Кўп ўтмай бу ерга одамлар кўчиб келишади ва аҳоли пункти шаклланади. 1865 йилда аҳоли пунктига Сентрейлия деб ном берилади. Орадан бир йил ўтиб, 1866 йилда унга шаҳар мақоми берилади. Александр В. Риа шаҳар асосчиси сифатида тарихда қолади.

Мазкур шаҳарга кўчиб келганларнинг аксарияти Шарқий Европадан кўчиб келган муҳожирлар эди. Сентрейлия овлоқ жойда экани ва одамлар меҳнат билан банд бўлгани учун шаҳарда турли отишмалар содир бўлмас, ҳиндулар ҳам ҳужум қилмасди. Шаҳар аҳолиси осойишта ҳаёт кечирарди.