11:00 / 27.10.2019
2
56428

ОАВ Ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди, Трамп ҳам муҳим воқеа рўй берганига ишора қилди

Америкалик ҳарбийлар ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши ҳарбий амалиёт ўтказди. Қатор манбаларга кўра, Бағдодий ўлдирилган, аммо бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмади.

© Militant video

ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан Сурияда ўтказилган ҳарбий амалиёт вақтида ўлдирилган. Бу ҳақда Fox News телеканали АҚШ маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Телеканал ҳарбий манбасининг сўзларига кўра, Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ бошчилигидаги ҳарбий кучлар томонидан ўтказилган махсус амалиёт вақтида «ИШИДнинг муҳим объекти» йўқ қилинган. Гап катта эҳтимол билан ал-Бағдодий ҳақида кетаётгани тусмол қилинмоқда. Бу маълумотни АҚШ президенти маъмуриятидаги бошқа бир манба ҳам тасдиқлаган.

ИШИД раҳбари ҳалок бўлгани ҳақида АҚШ Қуролли кучлари вакилига асосланган Newsweek, ўз манбасига асосланиб CNN ва Reuters ҳам хабар тарқатди.

Нашрларда ёзилишича, Пентагон «юқори ишонч билан» Оқ уйга 26 октябрь куни ўтказилган махсус амалиёт натижасида орасида ал-Бағдодий ҳам бўлган гуруҳ йўқ қилингани ҳақида маълумот етказган. Хабар қилинишича, президент бир ҳафта муқаддам шундай амалиёт ўтказилишини маъқуллаганди. Шунингдек, ҳужум вақтида террорчи ўзини портлатиб юборгани ҳақида ҳам айтилмоқда. Ҳозирча ҳужумга учраган террорчилар гуруҳида бўлганларнинг шахсини аниқлаштириш ишлари давом этмоқда.

Ироқ разведка хизматидаги манба ҳам Сурия ҳукумати уларни ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида хабардор қилганини маълум қилди.

Бу хабарлар ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам твиттердаги саҳифасида «жуда муҳим воқеа» содир бўлгани ҳақида ёзди. Лекин у нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Оқ уй ҳам Америка президенти «муҳим баёнот» билан чиқиши кутилаётганини маълум қилган. Президентнинг бу чиқиши маҳаллий вақт билан соат 9:00га (Тошкент вақти билан соат 18:00) белгиланган.

Мўсулдан бери ҳеч ким уни кўрмаган

Ал-Бағдодий 2014 йилда Ироқнинг Мўсул шаҳридаги масжидда туриб Сурия ва Ироқ ҳудудида халифалик тузилганини эълон қилгач, ҳеч ким кўрмаган. Ўтган вақт давомида унинг оғир жароҳат олгани, ўлдирилгани ёки асирга олингани ҳақида кўп марта хабар тарқалган, аммо бу хабарларнинг бирортаси расман тасдиқланмаган.

2019 йил апрелида ИШИДнинг ташвиқот канали орқали Бағдодийга ўхшаш киши тасвирланган видеоролик тарқалганди. 2019 йил сентябрида эса унинг овози ёзилгани айтилган аудиоёзув тарқатилди.

Суриядаги инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази маълумотига кўра, америкаликлар амалиёти вертолётлар орқали амалга оширилган.

Абу Бакр ал-Бағдодий ким?

Уни ИШИД раҳбари ва жаҳоннинг биринчи рақамли жиноятчиси деб аташади, у кўп йиллардан бери таъқибда.

2011 йилнинг октябрида АҚШ уни расман «террорчи» деб атаган ва у қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилган.

У ҳақда «жуда яхши ташкилотчи» ва «шафқатсиз тактик» деган таърифлар юради.

Унинг ҳақиқий исми Иброҳим Авад ал-Бадри ҳисобланади. У 1971 йилда Бағдоддан 125 км шимолда жойлашган Самарра шаҳрида туғилган.

Айрим манбаларга кўра, у 2003 йилда коалиция кучлари Ироққа бостириб кирган вақтда Самаррадаги масжид имоми бўлган.

Айрим экспертларнинг тахмин қилишича, у Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн бошқаруви вақтидаёқ экстремистга айланган эди.

Аммо у Ироқ жанубидаги Кэмп-Букка лагерида (бу ерда «Ал Қоида»нинг кўплаб қўмондонлари сақланган) ўтган 4йил давомида радикаллашгани айтилади.

У ҳақда 2010 йилда гапира бошлашди, ўшанда кейинроқ ИШИДга айланган «Ироқдаги Ал-Қоида» гуруҳи шаклланганди.

Узоқ вақт давомида Бағдодий Сурия ва Ироқ чегарасидаги ҳудудда яшириниб келиши ҳақида гаплар юрарди.

16 сентябрь куни ИШИД 30 дақиқалик аудиохабар тарқатди, унда Бағдодийники экани айтилган овоз томонидан ИШИД тарафдорлари ҳарбий амалиётлар ўтказишга чақирилади.

2017 йил июнида Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ал-Бағдодий Суриянинг Раққа шаҳри яқинидаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилганди. Авиазарба ИШИД етакчилари йиғилган бинога берилганди.

Аммо ўшанда АҚШ бошчилигидаги Халқаро аксилтеррор коалиция бу хабарни тасдиқламаганди.

АҚШнинг Суриядаги ҳарбийлари
Икки ҳафта муқаддам Трамп америкалик ҳарбийлар Сурия шимоли-шарқидан олиб кетилишини эълон қилганди. Шундан сўнг Туркия дарҳол ўз жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШнинг ИШИДга қарши курашдаги асосий иттифоқчиси бўлган суриялик курдлар устига юриш бошлади. Туркия Сурия шимолидаги курдларни Туркия ҳудудида 30 йилдан ортиқ вақтдан буён ҳукуматга қарши курашиб келаётган Курдистон ишчи партияси билан алоқадор деб ҳисоблайди ва уларни террорчилар деб атайди.

17 октябрь куни Анқара ва Вашингтон турк ҳарбийлари амалиётини беш кун муддатга тўхтатиш бўйича келишув тузди, бу муддат ичида америкаликлар курд ҳарбийларини ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб кетиши кўзда тутилганди, шундан сўнг Россия ва Туркия президентлари ҳарбий амалиётни тўхтатиш бўйича келишув тузди. Унга кўра, россиялик ҳарбийлар Суриянинг шимолий чегараларида патруллик қиладиган бўлди.

Трампнинг Сурия шимолидан ҳарбийларни олиб кетиш қарорини демократлар ҳам, республикачилар ҳам бирдай қоралади. Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар гуруҳи етакчиси Митч Макконнелл эса Washington Post учун колонкасида бу қарорни «стратегик босинқираш» деб атади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top