Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ливитт: Украина бўйича музокаралар давом этмоқда, лекин президентлар бу ҳафта учрашмайди
АҚШ ва Украина ўртасидаги «тинчлик режаси» бўйича музокаралар самарали кечмоқда, аммо ҳали ҳам келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Мамлакатлар президентларининг бу ҳафтадаги учрашуви бўлмайди, деди Ливитт.
Фото: Evan Vucci/AP
АҚШ ва Украина президентлари Дональд Трамп ва Володимир Зеленскийнинг жорий ҳафтадаги учрашуви режалаштирилмаган. Бу ҳақда душанба куни, 24 ноябрда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт маълум қилди.
«Шошилинчлик ҳисси бор. Президент (Трамп – таҳр.) бу келишув имзоланишини ва бу уруш якунланишини истайди», – деб келтиради Ливиттнинг сўзларини Американинг ABC News телеканали. У янгиланган режани яна бир бор Россия томонига тақдим этиш кераклигини таъкидлади.
Оқ уй матбуот котиби Киев ва Вашингтон ўртасидаги «тинчлик режаси» бўйича музокараларнинг ўзи эса самарали кечаётгани, аммо бир қатор келишилмаган масалалар сақланаётгани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Доналд Трамп Россия ва Украина президентларига «босим ўтказмоқда». Америка президенти аввалроқ тинчлик келишувини имзолаш учун охирги сана сифатида 27 ноябрни тилга олган эди.
Россиянинг Украинага қарши уруши масаласи Трамп билан Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг ўртасидаги телефон суҳбатида кўтарилган-кўтарилмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ливитт бу мавзуда гапирилганини, аммо суҳбатнинг асосий мавзуси АҚШ–Хитой муносабатлари бўлганини айтди.
Бир неча соат аввал DW'нинг Вашингтондаги мухбири хабарига кўра, манбалардан бири маълум қилганидек, агар Женевадаги музокараларда ўзгаришга эришилса, Володимир Зеленскийнинг келаси ҳафтада Оқ уйга ташрифи амалга ошиши мумкин.
Украина ва Қўшма Штатлар расмийлари 24 ноябрга ўтар кечаси икки мамлакат делегациялари иштирокида Женевада ўтказилган «самарали музокаралар» натижасида Украинада тинчликка эришиш бўйича янгиланган «ҳадли ҳужжат» тайёрланганини бир вақтнинг ўзида маълум қилди. Мазкур қўшма баёнот, унда томонлар маслаҳатлашувларни самарали, деб топгани таъкидланган, Оқ уй ва Украина президенти сайтларида эълон қилинди.
23 ноябр кечқурун АҚШ давлат котиби Марко Рубио Доналд Трамп маъмуриятининг қайта ишланган тинчлик режаси юксак амалга ошиш салоҳиятига эга эканини билдирган эди. У Женевада Украина делегацияси ва унинг европалик иттифоқчилари вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг журналистларга музокаралар натижасида эндиликда кейинги иш учун асос бўладиган «асосий ҳужжат» яратилганини айтди. Худди шу фикрни украин делегациясига раҳбарлик қилаётган Украина президенти идораси раҳбари Андрей Ермак ҳам қўллаб-қувватлади.
Dpa ахборот агентлиги аввалроқ хабар қилишича, Европанинг Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича АҚШ режасига таклиф этган ўзгартишлари Киев фойдасига бир қатор муҳим бандларни сезиларли даражада юмшатишни назарда тутади. Кейинчалик Британиянинг Financial Times газетаси ва АҚШнинг The Washington Post (WP) нашри манбаларига таяниб ёзишича, Трамп маъмурияти таклиф қилган Украинадаги урушни тўхтатиш режаси 28 банддан 19 бандгача қисқартирилган, ўзгартишлар эса Женевадаги музокаралардан сўнг киритилган.
Нашрлар режадан қайси моддалар олиб ташланганини аниқлаштиргани йўқ. WP суҳбатдошлари бандларнинг аниқ сони ҳали якуний тарзда келишилмаганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг маълумотларига кўра, режанинг асосида ҳанузгача АҚШнинг дастлабки таклифи турибди, ОАВда эълон қилинган Европа лойиҳаларидан бири эмас. Европа таклифлари «фойдали» деб баҳоланган, бироқ АҚШ ҳануз асосий эътиборни ўзининг дастлабки ҳужжатига қаратаётганини WP манбаси таъкидлади.
20 ноябр куни АҚШ Украина учун 28 банддан иборат «тинчлик режаси»ни тақдим этган эди. Ҳужжатга кўра, хусусан, Украина Донбассдан ўз қўшинларини тўлиқ чиқариши, армия сонини кескин қисқартириши, узоқ масофали қуроллардан ва НАТОга кириш ниятидан воз кечиши лозим.