Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Келгуси 10 йилда 100 млрд доллардан ортиқ: Трамп Ўзбекистон билан режаларга тўхталди
АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social'даги саҳифасида Ўзбекистон билан “мисли кўрилмаган” савдо-иқтисодий келишувлар эълон қилинганини маълум қилди. Унга кўра, яқин уч йил ичида Ўзбекистон АҚШнинг устувор тармоқларига қарийб 35 млрд доллар миқдорида инвестиция киритади ва харидлар амалга оширади, келгуси ўн йилда эса бу кўрсаткич 100 млрд доллардан ошиши режалаштирилган.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Трампнинг постида келишувлар қуйидаги соҳаларни қамраб олиши қайд этилган: муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ҳамда бошқа муҳим тармоқлар.
“Мен Ўзбекистоннинг ҳурматли президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали муносабатларни интизорлик билан кутамиз”, — дейилади баёнотда.
Ушбу ташаббуслар ишлаб чиқариш занжирлари, транспорт-логистика, рақамли трансформация ва ресурсларни қайта ишлаш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни жадаллаштиради, янги иш ўринлари ва технологиялар трансферига туртки беради.