Жамият | 19:19 / 30.06.2023
26151
5 дақиқада ўқилади

“Барча йўллар Римга элтади” – Италиянинг афсонавий пойтахти кўчалари бўйлаб саёҳат

Италия пойтахтига келсангиз, кўча тўла 2 кишилик мини машиналар кўплигига гувоҳ бўласиз. Бизнинг кўчаларни деярли битта заводнинг саноқли русумдаги автомобиллари “безаса”, Римни эса бир-биридан кичик автоуловлар эгаллаган ва бунинг сабаби бор.

Бир неча минг йиллик ўтмишига эга Рим шаҳри бугунги кунда ҳам тарихий қиёфасини сақлаб қолган, замонавий осмонўпар бинолардан холи бўлган дунёдаги камдан кам пойтахт шаҳарлардан бири. Тарихий бинолар орасида қолиб кетган тор кўчалар автомобиллар учун кенгайтирилмаган. Аксинча, шаҳар ва шаҳарликлар шу ҳолатида ҳам автомобилларга тўла замонавий дунёга мослаштирилган ва мослашишган.

Йўллар шу қадар энсизлигига қарамасдан, ҳар бир кўчада автотураргоҳлар бор, тирбандликлар эса деярли кўзга ташланмайди. Хўш, Рим бунга қандай эришган? Биз замонавий дунёда фақат автомобиллар учун қурилган кенг йўлли шаҳарларимизда ҳам йўл талашиб юрган бир пайтда, “ўтмишдан қолган тор кўчали шаҳар” бунинг қандай уддасидан чиқяпти?

Бирма-бир санаймиз:

Биринчидан, кўчалар тор бўлса-да, чорраҳалари жуда кўп. Бу йўл бўлмаса, бошқа бир неча танловлар билан манзилга етиб олаверасиз. Бу эса тирбандликларга анчагина ечим бўлади.

Иккинчидан, одамлар фақат зарур ҳоллардагина машинадан фойдаланишади. Яқин 3-4 кмли ишларига эса пиёда ёки велосипедда ҳам қатнайверишади. Тўғри-да, машинада ўтир, ишда ўтир, уйда эса оёқ узат – ҳаракатсизликдан орттириладиган ортиқча вазн ва касалликлар кимга ҳам керак?

Учинчидан, давлат автомобиллар, велосипед, мотоцикллар учун тураргоҳлар масаласини ҳал қилиб қўйган. Деярли барча кўчаларда уловлар тўхташ жойлари ташкил қилинган. Фақат миннатли. Яъни жой керакми, марҳамат, пулини тўлаб қўйинг.

Нархларга тўхталсак, битта жой учун ҳар соатлик тўлов – 1 евро. Шунингдек, имтиёзли нархлар ҳам белгиланган. Масалан:

  • 15 дақиқа учун 20 цент;
  • 8 соатли мунтазам фойдаланганлик учун 4 евро;
  • 1 ойлик автотураргоҳ нархи эса 70 евро.

Йўл ҳаракатига халал бериш-бермаслигига қараб ҳар бир автотураргоҳдан фойдаланиш вақтлари ҳам турлича ва йўл белгисида қатъий белгилаб қўйилган.

Тўловларни эса ҳар қадамда ташкил қилинган махсус тўлов аппаратлари орқали амалга ошириш мумкин. Биз буни ишлатиб кўролмадик. Чунки тўлов пайтида ҳайдовчилик гувоҳномаси рақами киритилиши талаб этиларкан.

Шаҳарда автоуловларни қўйиш ва жойлаштириш ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо. Буни йўлларда “автотураргоҳ” белгисининг энг кўплигидан ҳам билиш мумкин. Аммо Рим кўчалари жуда энсиз бўлмасин, бағри кенг – машина қўйишга ҳам, юришга ҳам жой топилаверади. Гап йўл инфратузилмаси ва ҳаракатининг тўғри ташкил этилгани ҳамда унга барчанинг бирдек бўйсуниш маданиятида.

Римда седан, минивен, кроссовер, йўлтанламас машиналарни жуда кам учратасиз. Лимузинлар ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Италия пойтахтида ҳаракатланиш учун машина қанчалик кичик бўлса, шунчалик қулай. Бир қарич ер ҳам шунчалик қимматли бўлганидан автоуловлар бир-бирига тегай-тегай деб жойлаштирилади. Мини машиналар эса жуда қулай. Уларни автотураргоҳларда ҳаттоки кўндаланг қўйиб ҳам кетаверасиз.

Шаҳарда нафақат автомашиналар, балки, йўл қазувчи техникалар, асфальт текисловчи самосваллар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам мини.

Тарихий қиёфасини бугун ҳам сақлаб қолган кўҳна Рим кўчаларида классик машиналарни ҳам учратасиз.

Ҳа, айтганча! Маълумот учун, барчамизга маълум ва машҳур LADA-2101 русумли машина дизайни ҳам айнан италянларнинг FIAT-124 русумидан олинган. Мабодо Рим кўчаларида 2101 ни кўриб қолсангиз, бу аслида италянча машина эканини эсга олиб, ҳайратингизни бироз жиловланг, деб айтиб қўйяпмиз.

Фото: Getty Images

Римга сафаримиздан шундай хулосага келдикки, римликлар кам машина минишади. Асосан, соғлом турмуш тарафдори бўлганлар кўпроқ пиёда юришади ёки велосипедда ҳаракатланишади. Йўллар ҳам биздагидек “тўхташ тақиқланади” белгилари билан чеклаб ташланмаган. Аксинча, ҳаракат вақтларига қараб мослаштирилган ҳамда деярли барча кўчалар тор бўлишига қарамасдан, автотураргоҳлар ташкил қилинган. Пулли асосда, албатта.

Хулоса қиладиган, ўрганадиган, ўзлаштирадиган фикрларимиз кўп. Бизда ҳам йўл ҳаракати хавфсиз ва тўғри ташкил қилинишида дунё тажрибасига бир назар ташлаб қўйилса, фойдадан холи бўлмайди. Омон бўлинг!

Сардорбек Усмоний
Италия, Рим

Мавзуга оид