Жаҳон | 13:37
953
5 дақиқада ўқилади

Германия, Франция, Италия ва Британия Эрон элчиларини ТИВга чақирди

Эрон ҳокимиятининг намойишчиларга нисбатан зўравон ҳаракатлари ва мамлакатда норозилик билдирувчилар ўлдирилаётгани фонида Германия, Франция, Италия ва Буюк Британия 13 январ, сешанба куни Ислом Республикасининг ўз мамлакатларидаги элчиларини ташқи ишлар вазирликларига чақирди.

Фото: Khoshiran/Middle East Images/IMAGO

Эрон ҳокимиятларининг намойишчиларга нисбатан зўравонлиги ва мамлакатда норозилик акциялари иштирокчиларининг ўлдирилиши ҳақидаги хабарлар фонида Германия, Франция, Италия ва Буюк Британия 13 январ, сешанба куни Ислом Республикаси элчиларини ТИВга чақирди.

Германия ТИВ раҳбари Йоханн Вадефул сўзларига кўра, у Эроннинг Германиядаги элчисини идорага чақириб, намойишчиларга нисбатан қўлланаётган зўравонлик борасида хавотирни билдирган. Германия ТИВнинг X микроблоги орқали берилган хабарда шундай дейилади: “Эрон режими ўз халқига қарши қўллаётган шафқатсиз ҳаракатлар шокка солади. Биз Эронни ўз фуқароларига нисбатан зўравонлик қўллашни тўхтатишга ва уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга қатъий чақирaмиз”.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро 13 январ куни парламентда чиқиш қилиб, Эрон ТИВ раҳбарига намойишларни “чидаб бўлмас ва ғайриинсоний” тарзда бостиришни қоралаганини айтди. “Бу фикр бугун чақирганим Париждаги Эрон элчисига ҳам яна бир бор етказилади”, — дея қўшимча қилди у.

Франция дипломатияси раҳбари: “Тинч намойишчиларга қарши қурол кўтарганлар жазосиз қолмаслиги керак”, — деб таъкидлади. У Эрондаги воқеаларни “тинч намойишчиларга нисбатан давлат зўравонлигининг шубҳасиз қўлланиши” деб атаган.

Шунга ўхшаш қадамни Буюк Британия ҳам ташлади. Қироллик ташқи ишлар вазири Иветт Купер 13 январ куни маълум қилишича, у Эрон элчисини идорага чақириб, у билан суҳбатда “ҳозирги вазиятнинг даҳшатли экани”ни таъкидламоқчи ва “етиб келаётган даҳшатли хабарлар” бўйича Эронни жавоб беришга чақирмоқчи бўлган.

Шу билан бирга, Reuters агентлигига кўра, Купер Эрон ҳокимиятини “намойишчиларнинг даҳшатли ва шафқатсиз ўлдирилиши” учун қоралаган.

Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни парламентда чиқиш қилар экан, Римдаги Эрон элчисини ҳам ўз идорасига чақирганини айтди. Corriere della Sera газетаси келтирган баёнотда шундай дейилади: “Ҳукуматимиз фаолиятининг асосий мезони — эркинлик қадрияти. Сўнгги кунларда эронлик эркаклар ва аёллар айнан шу эркинлик учун кўча ва майдонларда кураш олиб боряпти, бунинг эвазига эса қон, азоб-уқубат, қамоқ ва эҳтимол, қийноқлар билан жуда катта нарх тўлаяпти. Буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”.

Таяни қўшимча қилишича, Италия доимо мулоқотга интилган, чунки “мулоқот ҳатто биздан узоқ бўлган режимлар билан ҳам муҳим”. “Бироқ мулоқот — ўз фуқароларини шафқатсиз бостираётган режимни пассив тарзда томоша қилиб туриш дегани эмас”, — дея хулоса қилди Италия дипломатияси раҳбари.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Доналд Трамп 13 январ куни “намойишчилар қатли” тўхтамагунча, эронлик амалдорлар билан бўладиган барча учрашувларни бекор қилганини айтди. “Эрон ватанпарварлари, норозиликни давом эттиринг!” — деди АҚШ раҳбари.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, “ёрдам йўлда” эканини айтган, бироқ бу ибора билан нимани назарда тутганини тушунтирмаган.

Намойишлар 2025 йил 28 декабрда Теҳронда мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳволдан норозилик сабаб бошланган. Кейинчалик улар Эроннинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалган, намойишчилар талаблари эса сиёсий тус олган. Хусусан, норозилик Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши қаратилган.

12 январ куни Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Эрондаги бир гуруҳ хорижий элчилар олдида чиқиш қилиб, намойишлар давомида ёнғин қўйишлар оқибатида 200 та дўкон, 180 та тез ёрдам машинаси, 53 та масжид ва кўп сонли автобуслар зарар кўрганини айтган. Давлат ОАВ эса митинглар ортида АҚШ ва Исроил тургани ҳақида маълумотлар тарқатмоқда.

АҚШда жойлашган HRANA ахборот агентлиги маълумотига кўра, 13 январга келиб ҳуқуқ ҳимоячилари Эрондаги намойишлар давомида 2003 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлай олган. Жумладан: 1850 нафар намойишчи, ҳукумат билан боғлиқ 135 нафар шахс, 18 ёшдан кичик 9 нафар инсон, шунингдек, намойишларда иштирок этмаган 9 нафар фуқаро.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид