Light | 13:50 / 14.06.2019
10260
6 дақиқада ўқилади

Саёҳатларда асқотадиган 18 та буюм

Саёҳатга ҳужжатлар, банк карталари ва дорилардан ташқари яна нима олиш керакли ҳақида Лайфхакер маслаҳат беради.

Фото: Лайфхакер

1. Йўл учун тўплам

Пуфлаб шишириладиган ёстиқ, уйқу учун ниқоб ва шовқиндан ҳимоя қилувчи қулоқчинлар узоқ парвоз ва ноқулай автобус вақтида мириқиб ухлашга ёрдам беради. Тўпламни қўлдаги юкнинг ичига солиб қўйиш мумкин – ана ўшанда у доим ёнингизда бўлади ва исталган вақтда сизни бўйиннинг қайрилиши, ёруғлик ва шовқиндан ҳимоя қилади.

2. Озиқ-овқат плёнкаси

Саёҳатларга одатий озиқ-овқат плёнкасини олинг. Ана ўшанда юкларни ўраш учун аэропортда пул сарф қилмайсиз. У жомадонни майда чизилишлар ва доғлардан ҳимоя қилиб, буюмлар ўғирланиши эҳтимолини камайтиради. 

Фото: Pixabay

3. Ташқи аккумулятор

Пауэрбанк ва қувват олдириш қурилмаси доимо алоқада қолишга ёрдам беради. Шаҳар бўйлаб сайрлар учун 5 000 мА·с ҳажмга эга ташқи аккумулятор етарли – у смартфонни 1-2 марта қувват олдиради. Агар тоққа бир неча кунга отланишни режалаштираётган бўлсангиз, 10 000 мА·с ҳажмлисини танланг. Бир неча кириш жойларига эга бўлган қурилмани танланг. Ана шунда телефон билан бирга ноутбукни ҳам қувват олдирасиз.

4. Палантин

Палантин ёки катта шарф бир неча вазифаларни бажаради. Уни пляжга олиб бориш ва рўмол ўрнида қўллаш мумкин. Жазирама иссиқдан палантин панама бош кийимини ўрнини босади ва қуёшли зарба олдини олади. Совуқда эса исинишга ёрдам беради.

Фото: Pixabay

5. Ёмғирпўш

Саёҳатга соябон олиб кетиш яхши ғоя эмас: у оғир ва шамолда ёғингарчиликлардан ҳимоя қилмайди. Ёмғирпўшни олиб кетиш ва об-ҳаво ноқулай бўлганида чўнтакка солиб юриш қулайроқ. Полиэтиленли эмас, кўп марта фойдаланиладиганини танланг: у экологик тоза ва сизга узоқ хизмат қилади.

6. Сув учун ихчам фильтр

Фавқулодда саёҳатларда ҳар доим ҳам тоза сувни топиш имконияти бўлмайди, ихчам фильтр эса табиий манбалардан ҳам бемалол сув ичишда ёрдам беради. Агар бир ўзингиз саёҳат қилаётган бўлсангиз, кичик бутилка ёки трубача шаклидаги фильтрни ўзингиз билан олиб кетинг. Каттароқ жамоа учун эса йўлда сувни тозалаш станцияси мос келади: унинг шакли қопни ёдга солади ва бир дақиқада 2 литр сувни фильрлай олади.

Фото: Pixabay

7. Иссиқ пайпоқлар

Улар ортиқчалик қилмаслиги аниқ: меҳмонхонада иссиқликни ўчиришлари, ташқари эса кескин совиб кетиши мумкин. Йўл учун трекинг ва термопайпоқлар асқотади. Улар иссиқликни ўзида ушлаб қолади. Кутилмаганда шамоллаб қолсангиз, жун пайпоқлар айни муддао бўлади.

8. Кўз учун томчилар

Узоқ учишлар вақтида кўзлар самолётдаги қуруқ ҳаво сабабли қуриши мумкин. Ёқимсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун сунъий кўз ёшли томчиларни ёнингизда олиб юринг.

9. Белга осиладиган сумка

У нафақат урфдаги аксессуар, балки саёҳатларда асқотадиган муҳим буюмлардан бири. У рюкзакка қараганда анча ихчам. Энг зарар нарсаларнинг бари - смартфон, пул, хонанинг калити, паспорт, нам сочиқчалар унга сиғади. Сумка ҳатто тоғли йўллардан юрганда ҳам, велосипед ва аттракционда учганда ҳам халақит қилмайди.

Фото: Pixabay

10. Ёпишқоқ лента (лейкопластир) тўплами

Узоқ вақт давомида саёҳат қиладиганлар учун муҳим буюм. Эҳтимол, кўпчилик учун саёҳатни чиппакка чиқарган қадоқларга дуч келган бўлса керак. Оёқлар ишқаланмаслиги учун саёҳатларга фақат қулай ва текширилган оёқ кийимларни олиб кетинг. Қадоқлар пайдо бўлса, ёпишқоқ ленталар ёрдамга келади.

11. Ёғли крем

Терингиз билан бари жойида бўлса ҳам ёғли крем олинг. У нафақат намлик етишмовчилигига қарши кураша олади, балки дерматит ва денгиз тузига аллергияда ҳам асқотади. Болалар учун мўлжалланган ҳар қандай крем тўғри келади.

12. Силикон бутилка

Тажрибали саёҳатчилар сув учун кўп марта ишлатиладиган бутилкани албатта олиб кетиш кераклигини билишади. Бу сизни доимий равишда дўкондан сув харид қилишдан халос этиб, харажатларни қисқартиради. Силикон бутилка жойни тежайди: уни тахлаб, рюкзакка солинг.

13. Антибактериал гель

Йўлда ҳар доим ҳам қўлларни ювиш имконияти бўлавермайди. Ҳар қандай ёшда гигиенага амал қилиш учун ёнингизда антибактериал гель олиб юринг. Ундан фойдаланиш қулай ва салфеткалардан фарқли равишда узоқ вақтга етади. У билан смартфонни ҳам тозалаш мумкин.

Фото: AliExpress

14. Юк учун чўнтак тарозиси

Электрон чўнтак тарозиси – дўконларга боришни истайдиганлар учун зарур қурилма. У жомадонга ортиқча юк ортмаслик, кейин эса аэропортда буюмларни қайта тахламаслик учун ёрдамга келади.

15. Розеткалар учун мослаштиргич (переходник)

Дунёда электр розеткаларнинг 15 та тури мавжуд. Бошқа стандартдаги давлатларга учганингизда мослаштиргич асқотиши аниқ. Масалан, АҚШ, Италия, Ҳиндистон ва Япониядаги розеткалар бизникилардан фарқ қилади. Парвоздан олдин ана шу ўзига хосликлар билан танишиш ва уни ўша жойда изламаслик учун мослаштиргич ҳақида ўйлаб қўйиш керак.

16. Термал сув

Табиий манбаалардан олинган минерал тузлар миқдори юқори бўлган сув. У иқлими иссиқ бўлган мамлакатларда асқотади. У терини тинчлантириб, яллиғланишни олдини олишда ёрдам беради.

17. Очқич

Ҳар бир меҳмонхонада ҳам исталган банка ва бутилкаларни очадиган очқич бўлавермайди. Бироқ парвоздан олдин уни юклар орасига солиб қўйган маъқул.

Фото: Pixabay

18. Қуёш батареяларида ишлайдиган фонус

Табиат қўйнидаги ҳордиқ учун қуёш батареяларида ишлайдиган фонус асқотади. У экологик тоза ва электр энергияси ва қувват олдириш батареяларини талаб этмайди. Кун куни қувват олдириш, кечаси эса чодирга осиб қўйиш мумкин.

Ўйлаймизки, ушбу рўйхат сизга саёҳатга чиқишда асқотади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид