Ўзбекистон | 20:51 / 10.02.2021
14951
3 дақиқада ўқилади

Аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарур – президент

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган йиғилишда коронавирусга қарши эмлаш бўйича топшириқлар берди.

«Жорий йил якунига қадар туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилсин.

Бунинг учун 1 июлга қадар Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 24 миллион доллар маблағлари жалб этилсин.

Яна бир масала – аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарур. Бунинг учун, Ҳожибоев, Юсупалиев бир ой муддатда биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, уларнинг электрон рўйхатини шакллантирсин.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари билан бирга, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари шайлигини таъминлашдан ташқари, яна қўшимча 800та мобил бригада ташкил этиши зарур», деган давлат раҳбари.

Шунингдек, жорий йилда соғлиқни сақлаш тизими масъуллари фаолиятига Сирдарё вилоятининг 26та туман (шаҳар)ларида оилавий шифокорлик, «электрон поликлиника» тизимларини жорий этиш натижасига қараб баҳо берилиши маълум қилинган.

Маданият вазири Назарбеков, молия вазири Ишметов вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йил якунига қадар 16та маданият маркази, 10та музей, 2та театр биносини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда 1та театр биносини жиҳозлаш ишларини якунлаши шартлиги қайд этиб ўтилган.

Молия вазирлиги бунга бюджетдан 150 миллиард сўм ажратади. Бундан ташқари, жорий йил 20 августга қадар «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кино фестивалини ташкил этишга тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берилган.

«Ушбу топшириқлар ижроси бўйича Абдувоҳидов, Мусаев ҳар ойда президентга ахборот киритиб боради», деган давлат раҳбари.

  • Бунгача Ўзбекистонда оммавий эмлаш ишлари март ойида бошланиши, йил якунига қадар аҳолининг 20 фоизини эмлаш режалаштирилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид