Ўзбекистон | 16:43 / 05.03.2026
15425
5 дақиқада ўқилади

“Ҳеч қайси давлатдан ёрдам сўрамадик, сўрамаймиз” – Эрон элчиси

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий ОАВ вакиллари билан учрашди. Элчига кўра, АҚШ ва Исроилнинг ҳужуми – ғирромлик. Чунки ҳали музокаралар давом этиб турган, АҚШ вице-президенти минтақага келиши кутилаётган бир онда қўққисдан ҳужум бошланган. Ҳеч қайси давлатдан ёрдам сўрамадик, охиригача курашамиз, дея қўшимча қилди Искандарий.

Сўзи бошида Эрон элчиси бу АҚШ ва Исроилга қарши эмас, бутун тафаккурга қарши уруш эканини айтди.

Мен шуни фахр, ифтихор билан айтишим мумкинки, биз ҳеч қайси давлатдан ёрдам сўрамадик. Биз ўзимизни мудофаа қила оладиган кучга эга деб ҳисоблаймиз. Ҳозир Америка ва Исроил билан урушмаяпмиз, тафаккур билан урушяпмиз. Яъни ҳамма нарсани ўзиники қилишни истайдиган бир тафаккурга қарши курашяпмиз. Биз, албатта, қийинчиликларга учраймиз, лекин бу қийинчиликлардан ўтиб кетамиз”, - дейди элчи Муҳаммад Али Искандарий.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари минтақада ҳарбий можаро бошлангач ҳарбий базалар сақлангани боис ракета ҳужумларига учраган араб мамлакатларига ҳамдардлик билдирди. Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси эса президент Шавкат Мирзиёев олий раҳнамо Али Хоминаий вафоти муносабати билан ҳамдардлик хати йўллаганини маълум қилди. Элчига кўра, ўзбек халқи ва расмий Тошкент Эрон билан бирдам.

Kun.uz элчидан инсоний талафотлар хусусида сўради, чунки бу урушнинг бўлиши муқаррар эди ва томонлар буни биларди. Узоқ ва пухта тайёргарлиги сабаб Исроил аҳолисини ҳужумлардан аввал бомбапаноҳларга юбораётгани сабаб у ерда инсоний талафотлар кам. Бироқ Эронда кўпроқ одамлар нобуд бўлмоқда. Элчи бу вазиятга ўз изоҳини бериб ўтди.

Бизнинг олдимизда бутун бошли АҚШ, Исроил ва бутун Ғарб коалицияси турибди. Уларнинг ҳаммаси 1945 йилдан бери Исроилни қўллаб келади. Масалан, яқинда ҳам 50 миллиард доллар ёрдам беришди Исроилга. Биргина Американинг бир йиллик ҳарбий бюджетининг ўзи бизнинг бутун мамлакатимизнинг бюджетидан бир неча баравар каттароқ. Ҳатто бутун бошли Эрон бўйлаб ҳам аҳолини ҳимоя қилиш учун биз бомбапаноҳлар қуриб чиққан тақдирда ҳам уларга ета олмас эдик. Ҳозир Эрон халқи мана шу ҳужумлар бўлаётган пайти уйларига, пана жойларга яширинишнинг ўрнига кўчага чиқиб намойиш қилишяпти. Уларнинг уйлари ёмон эмас. Албатта, улар уйда ўтирса, кўчадан кўра хавфсизроқ бўлади. Лекин улар ўзининг ҳаққини талаб қилиб, кўчага чиқишяпти. Иккинчи масала — бу ёрдам бериш масаласи. Масалан, бизда қаергадир бир бомба келиб тушса, ўша одамлар ёрдам бериш учун, вайроналар тагида қолган одамларни чиқариб олиш учун тўпланиб боришади. Америкаликлар буни кутиб туришади-да, ўша одам тўпланган жойга яна иккинчи зарбани беришяпти”, - дейди Эрон элчиси.

Эрон олий раҳнамосининг ўлдирилиши эса ҳеч қайси ҳуқуқий нормаларга тўғри келмайди. Элчи ҳам бу масалага муносабат билдириб, давлат раҳбарлари аслида иммунитетга эга бўлиши кераклиги, душман томон буни инобатга олмаганини айтди. Хоминаий эса оддий уйда яшаган, унинг қароргоҳи ҳам оддий бўлган ва олий раҳнамо саройларга ўтишни рад этган.

Бизнинг олий раҳбаримиз 37 йилдан бери бир жойда ишлаб келаётганди. Яшаш жойлари ҳам ўша ерда эди, кўрсангиз жуда оддий бир уй. Ҳеч қандай бир мураккаб тузилма ёки қурилишга эга эмасди. У киши жуда бир оддий яшарди. Бизнинг тузум идеологиясида унақа нарса йўқ, яъни раҳбарлар ўзи учун ҳашаматли саройлар қуриши, оддий халқ эса оддий уйларида қолаверса - бу бизга тўғри келмайди. Ислом инқилобидан олдин Эронда раҳбарлар ва юқори табақа вакиллари яшайдиган кўплаб саройлар бор эди. Лекин раҳбаримиз булардан бирортасига бормадилар. У кишидан аввалги раҳбаримиз ҳам худди шундай эди. Бу бизнинг идеологиямиз. Ва бундан ташқари, биз шаҳидликни унақа ёмон нарса деб ҳисобламаймиз. Албатта, ҳаракатимизни қиламиз, бироқ шаҳид бўладигандек вазият бўлиб қолса, биз ифтихор билан уни қабул этамиз, бу ўлимни шараф деб биламиз. Али Хоминаий бутун оиласи билан бирга бўлганида шаҳид бўлди. Халқимиз учун бу ҳолат унақа тушунарсиз ҳолат эмасди”, - деди Муҳаммад Али Искандарий.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид